Душанбе ва Тошкент ўртасида авиақатновни йўлга қўйиш масаласи ҳалигача очиқлигича қолмоқда

Дата: 15:43, 26-01-2015.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Душанбе ва Тошкент ўртасида авиақатновни йўлга қўйиш масаласи ҳалигача очиқлигича қолмоқда, деб хабар қилади душанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Душанбе ва Тошкент ўртасида авиақатновни йўлга қўйиш масаласи очиқлигича қолмоқда”, - деди журналистларга Тожикистон Транспорт вазири Хайрулло Асозода.

Юқоридаги масала ўтган йилнинг сентябрида Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари ўртасидаги учрашувда муҳокама қилингани қайд этилди.

Унинг сўзларига кўра, олий даражада эришилган келишувларни амлга ошириш учун Ўзбекистон транспорт вазири номига юк ташувлари ва авиаалоқа ҳамкорлигини мустаҳкамлашга доир хат ёзилган бўлиб, унга ҳалига қадар жавоб олинмаган. Ўзбек томони ушбу масалани ўрганиб чиқаётган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, вазир яқин орада Туркияда “ТРАСЕКА”га аъзо мамлакатлар транспорт вазирлари учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилгани, унинг доирасида икки мамлакат транспорт муассасалари бошлиқлари учрашуви ўтказилишини маълум қилди.

“Музокараларнинг асосий мавзуси пойтахтлар ўртасида авиақатновни йўлга қўйиш ва юк ташуви соҳасида ҳамкорликни яхшилаш бўлади”, - деб аниқлаштирди Х.Асозода.

Янгилик билан ўртоқлашиш: