Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат ишчи гуруҳи делегацияларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – 6-8-март кунлари Олий даражадаги Ўзбекистон-Тожикистон учрашуви арафасида Душанбе шаҳрида Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон Ҳукуматлари делегациялари ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
“Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси қўшма мажлисининг 2018-йил 24-февралда Фарғона шаҳрида имзоланган Баённомаси ижроси доирасида Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасининг айрим учрасткалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги Шартнома лойиҳасига керакли илова тайёрланди ва расмийлаштирилди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга бўлажак давлат ташрифи чоғида имзоланиши режалаштирилган”, - дейилади хабарда.
Музокаралар конструктив муҳитда, дўстлик ва ўзаро тушуниш руҳида ўтди.
Учрашув якунида Баённома имзоланди.
Сурат манбаи: https://www.trend.az/business/economy/2390288.html