Душанбедаги ШҲТ саммитида халқаро автоташувларнинг шартларига доир келишув имзоланади

Дата: 16:12, 11-09-2014.

Душанбе. 11 сентябр. ЎзТАГ – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Душанбедаги саммитида халқаро автоташувларнинг шартларига доир келишув имзоланади, деб хабар қилади Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА) пайшанба куни.

“ШҲТнинг Душанбе саммитида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро автомобил ташувлари учун қулай шароитлар яратишга доир келишув имзоланади”, - деб хабар беради Тожикистон ТИВ.

Қайд этиш керакки, номи тилга олинган келишув лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари 2004 йилда бошланган эди. Ўн йил давомида хужжат лойиҳаси ташкилотга аъзо мамлакатлар транспорт, чегара ва ташқи сиёсий муассасалари экспертлари томонидан муҳокама қилинди ва ўзаро келишилди.

Ушбу хужжатнинг имзоланиши ва амалга оширилиши транспорт ташувлари соҳасидаги мавжуд тўсиқларни бартараф қилади ва келишувни имзоловчи давлатларнинг транзит салоҳияти ва ўзаро савдо ҳажмини оширади.

Келишув лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишиш, музокаралар жараёни ва унинг имзонанишига Осиё тараққиёт банки ва БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ҳам катта қизиқиш билдирдилар ва кўмак бердилар.

Манбанинг хабарига кўра, ушбу келишув билан биргаликда ШҲТнинг Душанбе саммитида Душанбе декларацияси, шунингдек, бошқа қатор хужжатларни ҳам имзолаш кўзда тутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: