Дзюдо бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон кадет ва ёшлари 10 медални қўлга киритдилар

Дата: 15:09, 18-12-2014.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – Дзюдо бўйича VIII Осиё чемпионатида Ўзбекистон кадет ва ёшлари 10 медални қўлга киритдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақидаги маълумот Шарқ яккакурашларини ривожлантириш маркази сайтида жойлаштирилган.

“Кадетлар яқинда қўлга киритган олти медалга қўшимча равишда бугун ёшлар термаси вакиллари яна 4 совринни олдилар. Раҳимжон Субҳонов ва Шарофиддин Болтабоевлар ўз вазн тоифаларида кумуш медалларни олишган бўлса, Ғофур Актомов ва Кумуш Йўлдошевалар Осиё биринчилигининг бронза медаллари соҳиби бўлдилар. Шундай қилиб, Ўзбекистон термасининг Дзюдо бўйича VIII Осиё чемпионатидаги иштироки якунлари турли қийматдаги 10 медалдан иборат бўлди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, бундан олдин бўлиб ўтган кадетлар мусобақасида Ўзбекистон термаси вакиллари икки олтин (Муҳаммад Хуррамов ва Ўрол Ҳусанов), икки кумуш (Хуршид Қодиров ва Маҳлиё Маннонова) ва икки бронза (Нодира Йўлдошева ва Давлат Бобонов) медални қўлга киритган эдилар.

Чемпионатда жаҳоннинг 18 мамлакатидан келган дзюдочилар қатнашдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: