Э. Раҳмон: “Тожикистон ҳеч қачон қўшниларини сувсиз қолдирмайди”
Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – Биз ҳеч қачон қўшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз, деди Тожикистон раҳбари, деб хабар беради Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА) душанба куни ТР раҳбари матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Тожик халқи асрлар давомида қўшнилари билан тинчлик, хотиржамлик ва ўзаро ҳамкорлик руҳида яшади. Ва бутун масъулият билан айтаманки, биз аждодлиримизнинг ушбу эзги анъанасини давом эттирган ҳолда ҳеч қачон ва ҳеч бир шаклда қўшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз”, - деди ТР президенти Эмомали Раҳмон 29 октябрда Роғун ГЭС тўғонининг очилиш маросимида.
ТР раҳбари Тожикистон мустақиллигининг илк йилларидан бошлаб ўз сиёсатида минтақавий ҳамкорликни, айниқса, қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни биринчи ўринга қўйганини, ва бу ҳамкорликни ҳар қандай муаммоларни ҳал қилишнинг ягона йўли деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди.
“Таъкидламоқчиманки, гудротехник режаларни амалга оширишда биз минтақа мамлакатлари билан самарали ва манфаатли ҳамкорлик тарафдоримиз”, - деди ТР раҳбари.
Шунингдек, у Тожикистон маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали Марказий Осиёда яшовчи барча мамлакатлар аҳолисини Серез кўлининг сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини эслатди.
Э.Раҳмон “бугунда минтақа мамлакатлари, шу жумладан, қардош ўзбек халқи билан дўстона муносабатлар, айниқса, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги муносабатлар ўрнатилган”лигини таъкидлади. “Ва биз иккитомонлама муносабатларнинг барча муҳим масалалари ўзаро тушуниш руҳида, халқларимиз манфаатларида ўз ечимини топишига аминмиз”, - деди тожик етакчиси.
Маълумот ўрнида, ТР президентининг сайтида унинг Роғун ГЭС қурилишининг ҳақиқий сабабларига доир нутқи ўзбек тилида ҳам жойлаштирилган.
Унда айтилишича, ушбу лойиҳа қўшни мамлакатлар орасида ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.