Эбола муносабати билан Ўзбекистоннинг барча йирик аэропортларида тепловизорлар ўрнатилди

Дата: 17:19, 14-11-2014.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Эбола муносабати билан Ўзбекистоннинг барча йирик аэропортларида ушбу вируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадларида тепловизорлар ўрнатилди, деди ОАВга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, республика бош санитар врачи Саидмурод Саидалиев.

“Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залларига ҳар бир авиайўловчини тиббий кўрикдан ўтказувчи замонавий тепловизорлар ўрнатилди. Худди шундай тепловизорлар сайёҳлар ва тадбиркорлар кўп ташриф буюрадиган Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Навоий аэропортларига ҳам қўйилди”, – деди С.Саидалиев.

“Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасида Эбола безгагига гумон қилинган беморларни ётқизиш учун босим назорат қилинадиган махсус бокслар тайёрлаб қўйилди. Шунингдек, бу ерда алоҳида ҳимоя ва микроблардан тозалаш учун зарур тиббий дорилар заҳираси ҳам тайёрлаб қўйилди. Худди шундай заҳира вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида ҳам тайёраб қўйилган”, – деб қайд этди республиканинг бош санитар врачи.

Душанба куни Ўзбекистон ҳукумати сайёҳлик компанияларига Эбола вируси тарқалган ва бу касаллик қайд этилган мамлакатларга сайёҳлик ва бошқа сафарларни ташкил қилишни вақтинча тўхтатиш ҳақида кўрсатма берган эди. Шунингдек, Эбола безгаги киргани гумон қилинган мамлакатларга ҳам ташрифлар ташкил қилишда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ) маълумотларига кўра, Эбола вируси қурбонлари сони 5 мингдан ошиб кетди. Энг кўп ўлим ҳолатлари Либерия, Сьерра-Леоне ва Гвинеяга тўғри келмоқда. БССТ тахминларига кўра, Эбола вирусининг тарқалиши Африкада 6-9 ойда тўхтатилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: