ЕИ мамлакатлари божхонаси ҳамон ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беришни мураккаблаштирмоқда – ТСВ

Дата: 13:09, 25-05-2018.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Европа Иттифоқи мамлакатлари билан тўқимачилик маҳсулотларининг икки томонлама савдосига оид келишувни амалий амалга оширишдан манфаатдор, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу мавзу 23 май куни Тошкентда Европа Иттифоқи кенгашининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича ишчи гуруҳининг Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев билан учрашуви давомида муҳокама қилинган масалалардан бири бўлди.

Вазирнинг таъкидлашича, яқинда Европа Иттифоқи билан шериклик ва ҳамкорликка оид битимга ўзгартириш тўғрисидаги баённома имзоланганига бир йил бўлишига қарамасдан, ЕИ аъзо давлатлар божхона хизматлари ҳамон Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беришда мураккабликлик пайдо қилмоқда.

Шу муносабат билан, Европа томони Тўқимачилик протоколи қоидаларини божхона хизматлари ходимлари ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг ҳукуматларига етказишда ёрдам кўрсатиш имкониятларини кўриб чиқади.

ТСВ маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг анъанавий савдо-иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. 2017 йил якунлари бўйича Европа Иттифоқи давлатлари билан савдо $2,5 млрдни ташкил этди, шундан $420,7 млни экспорт ҳисобланади. Ўзбекистон тўқимачилик, мева-сабзавот, транспорт, электротехника ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишда улкан салоҳиятга эга, аммо экспорт ҳажмининг ўсишига тўсқинлик қилувчи бир қатор тўсиқлар мавжуд.

“Европа Иттифоқи билан савдо шартларини яхшилаш бўйича қадамлардан бири Ўзбекистон томонидан ЕИнинг Бош преференциялар тизими (GSP+) доирасида биртомонлама тариф имтиёзлари олиши ҳисобланади.

Унга мувофиқ, бугунги кунда мамлакат Европа Иттифоқига 3000 товар позицияларини божхона тўловларисиз, 3200 товар позицияларини пасайтирилган тарифдларда экспорт қила олади. GSP+ доирасида тариф имтиёзлари берилган ҳолда Ўзбекистон 6200 дан ортиқ товар позициясига божсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади”, деди ТСВ раҳбари.

Яхши мувофиқлаштирилган логистика тизими савдо муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Ж.Хўжаев уни такомиллаштириш учун ЕИ мамлакатларини ТРАСEКА транспорт йўлагини ривожлантириш ва ушбу йўлакнинг технологик камчиликларини бартараф этиш йўналишидаги ишларни фаоллаштиришга чақирди.

Ўзбекистон шу йилнинг 6-8 июн кунлари Брюсселда бўлиб ўтувчи “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” Ҳамкорлик қўмитаси ва Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмитанинг навбатдаги учрашувларига қатъий тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистон томонининг келгусидаги тадбирлар доирасида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишга ишончи комил.

Сурат манбаи: https://nuz.uz/ekonomika-i-finansy/17240-uzbekistan-uvelichivaet-eksport-tekstilya-na-tret.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: