ЕИ ва Ўзбекистондаги қатор элчихоналар иқлим ўзгаришига доир конкурс ўтказмоқдалар
Тошкент. 5 август. ЎзТАГ – Европа Иттифоқи (ЕИ) делегацияси ва Ўзбекистондаги Буюк Британия, Германия ва Франция элчихоналари ўзларининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида иқлим ўзгаришига доир танлов эълон қилдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ЕИ делегациясидан хабар беришларича, конкурс 9 сентябрда нишонланадиган Иқлим ўзгаришига доир глобал кунга бағишлаб ўткзилмоқда. Танлов ишлари 20 августга қадар тақдим этилиши керак.
“Иқлим ўзгариши сиз учун нимани англатади?” танловига тематик фоторепортажлар ёки алоҳда фотосуратлар, расмлар, иншо ёки шеърлар тақдим этиш мумкин. Ишлар инглиз, француз, немис, рус ва ўзбек тилларида тақдим этилиши зарур.
Танловда табиатни севган ва сайёра ва унинг келажаги ҳақида қайғуришни истаган барча иштирок этиши мумкин. Конкурс иқлим ўзгариши муаммосига ўз креатив нигоҳи билан ёндашишга имкон беради.
Барча ишлар Европа Иттифоқи делегацияси ва Ўзбекистондаги Буюк Британия, Германия ва Франция элчихоналари вакилларидан иборат ҳайъат томонидан кўриб чиқилади. Номинантларнинг ишлари ташкилотчиларнинг Facebook саҳифасида овоз бериш учун 30 августдан 4 сентябргача эълон қилинади.


