ЕИ Ўзбекистон чегараларининг хавфсизлигини таъминлашни қўллаб-қувватлайди

Дата: 11:30, 22-02-2018.

Тошкент. 22-феврал. ЎзТАГ – 21-23 февралда Тошкентда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури (БОМКА-9) доирасида ташкил этилган миллий семинар бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Дастур матбуот хизмати хабарига кўра, бу сафарги тадбир хорижлик жангари-террорчиларни идентификация қилиш ва шахсини аниқлаш техникаси масалаларига бағишланган.

ЕИ Марказий Осиёда чегараларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича сезиларли қўллаб-қувватлашни амалга оширмоқда. Ушбу семинар МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш бўйича қўмитаси ва ички ишлар вазирлиги 14 ходимлари иштирокида 2016 йилда бўлиб ўтган шу каби тадбирнинг давоми ҳисобланади.

Бу сафар ЕИ эксперти ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 16 мутахассислари хорижлик жангари-террорчиларни идентификация қилиш ва шахсини аниқлаш бўйича мавжуд механизмларни такомиллаштирадилар ва манфаатдор муассасалар орасида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қиладилар.

Семинар доирасида экспертлар хорижлик жангари-террорчиларни идентификация қилиш ва шахсини аниқлаш бўйича илғор тажрибалар билан ўртоқлашишади, чегара-ўтказув пунктларида жангари-террорчиларни идентификация қилиш ва шахсини аниқлаш методологиясини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Шунингдек, миллий идоралар томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг зўравонлик экстремизмига қарши курашиш соҳасидаги тавсияларининг амалга оширилиши бўйича қўшимча амалий ҳаракатлар муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамизки, БОМКА дастури Марказий Осиёда 2003 йилда фаолият бошлаган бўлиб, у минтақа давлатлари ўртасида чегараларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда. 2003-2018 йиллар давомида дастур бажарилишига 40,8 млн евро ажратилган бўлиб, ундан деярли 5 млн евро дастурнинг 2015-2018 йилларни ўз ичига олган 9 фазасини амалга ошириш учун тақдим этилган.

Сурат манбаи: http://eatteachtravel.blogspot.com/2013/01/uzbekistan-journey-on-silk-road.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: