ЕИ Ўзбекистонга ЁЭКда қўшма лойиҳалар учун молия ресурслари таклиф қилмоқда

Дата: 14:26, 20-05-2016.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ – Европа Иттифоқи Ўзбекистонга ёқилғи-энергетика комплексида қўшма лойиҳалар учун молия ресурслари таклиф қилмоқда, деб хабар беради “Финмаркет” АА.

“Европа Иттифоқида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва амалга ошириш учун зарур лойиҳаларни таъминлай олувчи молия маблағлари мавжуд”, - деди Ўзбекистонда бўлиб турган ЕИ Комиссиясининг энергетик иттифоқ бўйича вице-президенти Марош Шевчович Тошкентда 18-20 май кунлари бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон нефть ва гази” – OGU 2016” халқаро кўргазмадаги чиқишида.

Хусусан, у “Ўзбекистонда бу борадаги лойиҳаларни ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкин бўлган” Европа инвестиция банки молия маблағларини таъкидлаб ўтди.

М.Шефчович ўзбек томонига “Марказий Осиёда инвестиция дастури”га (IFCA) қўшилишни таклиф қилди. Ушбу дастур энергетик лойиҳаларни амалга оширишда грант ва техник ёрдам жалб қилишга имкон беради.

2011 йил январда ЕИ ва Ўзбекистон энергетика соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзолаган эдилар. Меморандум Европа Иттифоқи мамлакатлари компанияларининг ёқилғи-энергетика комплекси тармоқларини модернизация қилиш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш, ҳудудлар ўртасида транспорт-коммуникация ва транзит коридорларини ривожлантириш кабиларни кўзда тутади.

Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш бўйича МДҲда учинчи ўринни эгалайди ва дунёдаги 10 та энг йирик табиий газ қазиб олувчилар сирасига киради. Йилига республикада 60 млрд куб. метр атрофида газ ва 8 млн тонна суюқ углеводородлар қазиб олинади.

“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси маълумотларига кўра, 2016 йилнинг 1 январи ҳолатига кўра Ўзбекистонда қазиб олинаётган аниқланган углеводородлар заҳиралари 2,5 млрд тонна шартли ёнилғини ташкил этиб, бундан 65% табиий газ заҳирасига тўғри келади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: