ЕИга ўхшаш қаттиқ назорат қилинадиган тизим Марказий Осиёда ишламайди – америкалик колумнист
Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Европа Иттифоқига (ЕИ) ўхшаш қаттиқ назорат қилинадиган тизим Марказий Осиёда ишламайди, деб ҳисоблайди америкалик колумнист Жеймс Дурсо, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Иқтисодиётдан кейин минтақавий ҳамкорлик таркиби ҳамкорликнинг бошқа бир йўналиши ҳисобланади. “Минтақавий даражада самарали алоқа қилиш, мувофиқлаштириш ва устуворликларни белгилаш мақсадида ҳукуматлараро келишув қабул қилиш талаб қилинади”, - деб қайд этилади мақолада.
Европа Иттифоқига (ЕИ) ўхшаш қаттиқ назорат қилинадиган тизим Марказий Осиёда ишламайди, деб тахмин қилади Дурсо, чунки минтақа мамлакатлари мустақилликларини йўқотишни истамайдилар. “Консенсус ва ташқаридан аъзо давлатлар ички ишларига аралашмаслик тамойили асосидаги Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСEАН) мисолдаги интеграция даражаси мўътадил тузилиш маҳаллий ҳокимиятлар манфаатларига жавоб бериши мумкин. Шу билан бирга, тузилма сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш, наркотикларнинг ноқонуний айланмаси, Орол экологик фалокати, шунингдек, уран қолдиқларини тозалаш каби муаммолар билан шуғулланиш учун етарли даражада илғор бўлиши керак”, - деб таъкидланади мақолада.
Жеймс Дурсо минтақадаги вазиятни таҳлил қилар экан, шундай деб ёзади: “Биринчи қадам сифатида, давлатлар, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, энергетика, туризм ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни, шунингдек, БМТ, МДҲ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) каби халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида ташқи сиёсий муассасаларнинг 2018-2019 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик дастури ҳақида келишиб олдилар. Бундай қўшма саъй-ҳаракатлар минтақавий мамлакатлар раҳбарларига ҳам, ташқи инвесторларга ҳам энди қарама-қаршилик эмас, балки ҳамкорлик асосий меъёр эканлиги ҳақида белги беради”.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йил 22 ноябрда The Hill нуфузли америка нашрида “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати – минтақавий сиёсат” номли мақола эълон қилинди.
Материал ушбу нашр колумнисти ва Corsair LLC консалтинг компанияси ижрочи директори Жеймс Дурсо томонидан унинг Ўзбекистонга ташрифи ва жорий йил 10-11 ноябрда БМТ шафелигида Самарқандда ўтказилган Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш муаммоларига доир халқаро конференциядаги иштироки якунлари бўйича ёзилган.