Екатеринбургда ёнғин пайтида тўрт нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Тошкент. 18 апрель. ЎзТАГ – Тўрт нафар ўзбекистонлик Екатеринбургда (Россия) ёнғин пайтида ҳалок бўлди, дея хабар беради Ўзбекистон телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Бош консуллигининг Екатеринбургдаги маълумотига кўра, 2019 йил 17 апрелга ўтар кечаси шаҳар қурилиш объектларидан бирида, ёнғин ва газдан заҳарланиш оқибатида Сурхондарё вилоятидан бўлган фуқароларимиз ҳалок бўлган”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Маълумотларга кўра, Менгтошев Шуҳрат Ўролович (22.08.1989 й.т.), Қурбонов Акбарали Саидмуродович (23.11.1995 й. т.), Зиядуллаев Улуғбек Олимжонович (18.11.1998 й. т.), Чориев Исроил Равшанович (18.10.1996 й. т.) вафот этган.
Олинган маълумотларга кўра, ушбу шахслар 15 апрелда Екатеринбургга Академик ҳудуддаги қурилиш объектларидан бирида ишлаш учун келганлар.
“Бугунги кунда ваколатли органлар томонидан содир бўлган барча ҳолатларни аниқлаш бўйича терговгача бўлган тадбирлар ташкил этилган”, - дейилади хабарда.
Қайд этилганидек, Бош консулхона Москва шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда вазиятни назорат қилади ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини ўз ватанига олиб кетиш масаласини ҳал қилади.
Сурат манбаи: nation-news.ru