ЕХҲТ ДИИҲБнинг президентлик сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Тошкентга етиб келди
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Европа хавсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Йохан Петер Трауготт Тейлер Тошкентга етиб келди, деб хабар беради сешанба куни Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Мен мамлакатингизда миссия раҳбари сифатида илк марта бўлишим ва кўрсатилган қабулдан мамнунман”, - деб иқтибос келтиради “Газета.uz” миссия раҳбарининг сўзларидан.
Бундан олдин, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 28 октябрдаги қарори билан ЕХҲТга аъзо бўлган 13та мамлакатдан 17 нафар кишидан иборат ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси асосий гуруҳини рўйхатга олган эди.
“Асосий гуруҳ икки – таҳлилий ва тезкор бўлинмадан иборат бўлиб, бутун миссия тўлақонли ишлашини, шу жумладан сайлов билан боғлиқ барча ахборотлар тўплаш, умумлаштириш ва якуний таҳлил қилишни ҳамда миссия ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида доимий алоқани, шунингдек ДИИҲБ бош қароргоҳидан миссияга зарур ёрдам кўрсатилишини таъминлайди”, - дейилади МСК матбуот хизматининг хабарида.
Шунингдек, ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси таркибига асосий гуруҳ билан бирга 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилар, шунингдек овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар киритилган.
Мамлакатга келиши 5 ноябрга режалаштирилган узоқ муддатли кузатувчиларнинг вазифалари сайлов жараёнининг турли босқичларини минтақаларда кузатиш ва миссия иштирокчиларига мамлакатда нима бўлаётганлиги ҳақида тўлақонли ахборот тақдим қилишдан иборат.
Етарли миқдорда қисқа муддатли кузатувчиларни жойлаштириш ДИИҲБга бутун мамлакат бўйича статистик жиҳатдан кўпроқ сайлов участкаларини қамраб олиш имконини беради. Қисқа муддатли кузатувчиларнинг мамлакатимизда жорий йилнинг 2 декабридан 6 декабригача фаолият юритиши назарда тутилган.
Таъкидлаш зарурки, сайловни кузатиш бўйича тўлақонли миссия Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан ҳамда мамлакатимиз халқаро стандартларга мувофиқ мазкур муҳим сиёсий тадбирни очиқ ва ошкора ўтказишга тайёрлигини эътиборга олиб илк маротаба Ўзбекистонга юборилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 29 октябрда Ўзбекистон МСК Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либераль-демократик партияси (ЎзЛиДеП) Шавкат Мирзиёевни, “Миллий тикланиш” Демократик партияси Сарвар Отамурадовни, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) Ҳотамжон Кетмоновни президенлик сайловларида номзод сифатида рўйхатга олди.
Муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловлари 2016 йил 4 декабрда ўтказилади. Сайловлар Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида инсульт оқибатида вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда.
Президент 5 йил муддатга сайланади.