ЕХҲТ раҳбари Самарқанддаги форум минтақадаги ишончни мустаҳкамлайди деб ҳисоблайди

Дата: 17:23, 10-11-2017.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Бош котиби Томас Гремингер юқори мартабали меҳмон нуфузи ва иштирокчилари сони кўплиги бўйича мислсиз бўлган Самарқанд форуми натижалари минтақавий ҳамкорликка янги суръат бериш, стратегик жиҳатдан муҳим минтақада ўзаро англашув ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Тошкентдаги учрашувида айтиб ўтди.

Гремингер Самарқандда “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этади.

 Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ЕХҲК раҳбари Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар, жумладан, Афғонистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича изчил ва амалий қадамларини юқори баҳолайди.

Давлат раҳбари Швейцариянинг атоқли дипломатини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан қутлаб, Ўзбекистон ЕХҲТ билан янада фаол ҳамкорлик қилиш, Ташкилот мандатига кирувчи барча масалалар бўйича ўзаро англашувни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди. 

 Меҳмон Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишлари ЕХҲТнинг хавфсизлик, иқтисодий-экологик ва инсон мезонлари бўйича барча мақсад ва устувор йўналишлари билан тўла ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлади. 

 ЕХҲТ ва унинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўзаро ҳамкорликка, мамлакатимизда узоқ истиқболга мўлжалланган ислоҳотлар ва ўзгаришларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш ва эксперт кўмаги кўрсатишга тайёр эканлигини билдирилди. 

Учрашувда ЕХҲТ фаолиятига оид бошқа масалалар, жумладан, минтақавий ва халқаро долзарб муаммолар кўриб чиқилди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: