ЕХҲТ Ўзбекистондаги сайловларга доир биринчи маърузасини эълон қилди

Дата: 13:23, 15-12-2014.

Тошкент. 15 декабр. ЎзТАГ – Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Ўзбекистон парламенти қуйи палатасига сайловлар бўйича биринчи оралиқ маърузасини эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Маърузада жорий йилнинг декабридаги бўлажак парламент сайловларига тайёргарликнинг боришига доир кузатувнинг илк натижалари келтирилган. ЕХҲТ ДИИҲБнинг тавсияларига кўра, сўнгги сайловлардан кейин Ўзбекистон сайлов қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, сайлов кампанияси фаолияти ва муддатидан олдин овоз бериш жараёнларига тааллуқли қоидалар аниқлаштирилди. Ижобий ўзгаришлар сифатида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сайлов органлари фаолиятига аралашганлик, унинг қарорларини бажармаганлик, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ваколатли вакиллари ҳуқуқларини бузиш, шунингдек, сайловолди тарғиботи шартларини бузганлик учун жавобгарликни кўзда тутувчи баъзи ўзгартишлар киритилган”, – деб қайд этилади ЕХҲТ ДИИҲБ хабарида.

ЕХҲТ ДИИҲБ маълумотларига кўра, сайловлар билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан молиялаштирилмоқда. Сиёсий партияларга ажратлаётган молиялаштириш ҳажми унинг аъзолари сонига боғлиқ. Ушбу сумма олдинги сайловдаги бир номзодга 1 000 060 сўмдан (330 евронинг эквиваленти) 4 млн. 833 минг сўмгача (1600 евро эквиваленти) ошди. Хусусий бадаллар киритилган ҳолда улар барча сиёсий партиялар номзодлари орасида тенг бўлиш учун МСКга йўналтирилади. Бундай бадаллар ҳозирча олинмаганлиги маълум. Сайловчиларга сайлов жараёнида тўлов ва совғалар бериш қонунан таъқиқланади.

ДИИҲБ экспертлари баҳоларига кўра, сайлов жараёнини ташкил қилиш ишлари қонунчиликда кўзда тутилган тартиб ва мудатларда ўтмоқда. Хусусан, 135 округ сайлов комиссиялари ва 9000 атрофида участка сайлов комиссиялари шакллантирилган. Уларнинг 44% аёллар ташкил қилади, сайловчилар сони аниқланган (20 миллион 789 минг киши), сайловчилар рўйхати участкаларда 2014 йилнинг 6 декабридан бошлаб сайлов участкаларида мавжуд. Хорижда яшовчи сайловчилар мамлакатнинг 36 давлатдаги дипломатик ваколатхоналарида ташкил қилинган 44 сайлов участкаларида овоз беришлари мумкин.

Ҳисобот Тошкент шаҳридаги 12 кишидан иборат асосий гуруҳ ва мамлакатнинг барча ҳудудларида иш олиб бораётган 8 кишидан иборат узоқ муддатли кузатувчилардан ташкил топган гуруҳ томонидан 2-11 декабр кунларидаги кузатув натижаларини ўз ичига олган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: