ЕХҲТ Ўзбекистонни ахборот хавфсизлиги соҳасида қўллаб-қувватламоқда
Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кўмагида АКТ соҳасидаги трансмиллий таҳдидларга қарши кураш салоҳиятини мустаҳкамлашда кўмаклашиш лойиҳаси амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ахбоот технологияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, лойиҳанинг бориши ва натижалари ЕХҲТнинг Трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш бўйича департаменти раҳбари Раса Остраускайте хоним билан учрашувда муҳокама қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Б. Олматов ЕХҲТ вакилларига “Ўзбекистон Республикасига АКТ соҳасидаги трансмиллий таҳдидларга қарши кураш салоҳиятини мустаҳкамлашда кўмаклашиш” лойиҳасини амалга оширишда кўрсатилган кўмак ҳамда амалга оширилган ишлар учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Р. Остраускайте хоним ушбу лойиҳани амалга оширишда ҳамкорликдаги фаолиятнинг муваффақиятларини алоҳида эътироф этди.
Томонлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида келгусида ҳам амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Сурат манбаи: http://mitc.uz