Эксперт Ўзбекистон президентининг Тожикистонга ташрифи тайёрланаётганини маълум қилди
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президентининг Тожикистонга ташрифи тайёрланмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норовнинг мақоласига асосланган ҳолда.
“Кейинги ойларда Ўзбекистон раҳбари барча қўшни мамлакатлар етакчилари билан расмий, норасмий ҳамда амалий учрашувларни ўтказди. Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга ташриф амалга оширилди. Тожикистонга ташриф тайёрланмоқда”, - деб таъкидланади Норовнинг мақоласида.
“Бу нафақат турли даражалардаги давлатлараро алоқаларнинг кўпайиши ҳамда кенгайиши, балки Тошкентнинг қўшнилар билан аввалги зиддиятларни ҳал қилишда оқилона муроса йўлини қидириш бўйича аниқ кайфиятида ҳам намоён бўлади. Республика “Марказий Осий бешлиги” давлатлари халқлари манфаатларига қаратилган курсга амал қилишни режалаштирмоқда”, - деб ёзади институт раҳбари.
Фақат ўзаро манфаатларни ҳисобга олган биргаликдаги ҳаракатлар билан барқарор иқтисодий ривожланиш учун қулай имкониятлар яратиш, минтақадаги давлатлараро муаммоларни батамом ҳал қилиш, замонавий муаммоларга самарали қарши туриш мумкин, дея қайд этади мақола муаллифи.