Экспертлар фикрига кўра Ўзбекистонда блогерлар таъқиб қилинмайди

Дата: 12:20, 04-09-2014.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ахборот технологиялари ассоциациясида ташкилот аъзоларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Йиғилишда кўрилган асосий масалалардан бири яқинда Парламент юқори палатаси томонидан маъқулланган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар қиритиш ҳақида”ги Қонуннинг муҳокамаси бўлди. “Қонун блогерлар фаолиятини идора қилишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришга қаратилган. Қонун “репрессив” характерга эга эмас, унинг қабул қилиниши интернет фойдаланувчиларига нисбатан ҳеч қандай янги санкциялар жорий қилмайди. У блогерлар фаолиятини анча енгиллаштиради ва уларнинг мажбуриятларини аниқ белгилаб беради. Бу эса интернетда умумочиқ маълумотларни тарқатишга қўйиладиган талабларни турлича талқин қилишга имкон қолдирмайди”, – деб таъкидлашди Ўзбекистон Ахборот технологиялари ассоциацияси матбуот хизматида.

Иштирокчилар фикрига кўра, қонун нолойиқ сайтларнинг қандайдир “қора” рўйхатларини тузишни кўзда тутмайди, оммавий маълумотларни тарқатаётган фойдаланувчилардан рўйхатдан ўтиш каби тартибларни талаб қилмайди. Қонуннинг кучга кириши ўзбек интернетининг янада ривожланиши, унинг долзарб ва ишончли маълумотлар билан тўлиши, интернет соҳасида профессионал фаолият юритиш учун шароитлар яратади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: