Экспертлар Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент. 11 август. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш истиқболларига бағишланган “давра суҳбати” ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада қуёш энергиясидан фойдаланишнинг ҳолати ва иқтиқболлари, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш, ундан иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда кенг фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш бўлди.
“Ҳозирда мамлакатда “Қайта тикланадиган энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, мавжуд объектларда энергия олиш қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтиришга асосланган тармоқ дастури амалга оширилмоқда. У шамол, қуёш, гидроэнергетика сингари муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, интеграциялашган қуёш-иссиқлик электр станцияларини жорий этишни кўзда тутади”, – деб таъкидлашди Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида.
Шу жиҳатдан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мазкур йўналишда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда қатор анжуманлар, ўқув-семинарлар ташкил этилиб, муқобил энергия манбалари ва бошқаларни жорий этиш, энергия тежайдиган технологияларни қўллаш соҳасида илғор халқаро тажрибани ўрганиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон географик жойлашуви ва иқлим шароитлари бўйича қуёш энергиясини ривожлантириш учун ўзига хос қулай имкониятларга эга. Мамлакат йил давомида кузатиладиган қуёшли кунлар сони бўйича (320 кун) жаҳондаги кўплаб минтақалардан юқорида туради. Боз устига, мамлакат салмоқли илмий-техник база, қуёш энергиясини лойиҳалаштириш ва қўллаш бўйича катта ҳажмдаги конструкторлик ва технологик ишланмалар, шунингдек, тажриба ўтказишга доир юқори малакали кадрларга эга.