Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг низом жамғармаси камида икки маротабага кўпайтирилади

Дата: 18:18, 04-03-2016.

Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – 2016 йилда Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг низом жамғармаси камида икки маротабага кўпайтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 Ушбу таклиф Ўзбекистон президенти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг якуний йиғилишидаги маърузасида киритилди.

И.Каримовнинг фикрига кўра, низом жамғармасининг кўпайтирилиши ташкилотнинг молия имкониятларини кенгайтиради. Жамғарманинг ваколатларини кенгайтириш, у кўрсатадиган хизматлар сонини ошириш, ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш ҳам таклиф этилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Жамғарманинг тажрибаси “энг жиддий эътиборга лойиқ”.

“Бу тадбиркорлик субъектларига улар товар ва хизматларини ташқи бозорларга илгари суришда юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган ноёб ташкилотдир”, - деб таъкидлади президент.

Эслатиб ўтамизки, Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2013 йилда ТИФМБ қошида ташкил этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: