Энди Ўзбекистонда газчини чақириш учун онлайн ариза бериш мумкин
Тошкент. 4 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Ўзтрансгаз” АКнинг ҳудудий ва туман бўлинмаларига табиий газнинг сизиб чиқишини бартараф этиш ва/ёки газ ускуналарини таъмирлаш учун аризани онлайн шаклда бериш мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу хизмат Ягона интерактив давлат хизматлари порталида йўлга қўйилди.
Табиий газнинг сизиб чиқиш ҳолати юзага келганда, табиий газ таъминоти муассаси мутахассиси уни бартараф этиш сўрови тушгандан сўнг, зудлик билан тегишли ишларни амалга ошириш учун воқеа жойига ташриф буюради. Газ ускуналарини таъмирлаш ишларини ўтказиш учун мутахассиснинг ташрифи 1 иш кунида амалга оширилади.
Газ ускуналарини мутахассис томонидан таъмирланиши тўлов асосида келишилган нархда ёки тасдиқланган прейскурантга мувофиқ амалга оширилади. Ўз навбатида, табиий газнинг сизиб чиқишини бартараф этиш эса мутахассис томонидан бепул амалга оширилади.
Ягона портал фойдаланувчиларидан электрон ариза жўнатиш вақтида қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.