Эндиликда Ўзбекистонда истаган киши давлат органларининг очиқ йиғилишларида иштирок этиши мумкин

Дата: 12:13, 31-12-2015.

Тошкент. 31 декабр. ЎзТАГ – Эндиликда Ўзбекистонда деярли истаган киши давлат органларининг очиқ йиғилишларида белгиланган тартибда иштирок этиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигин маълум қилишларича, ушбу ҳуқуқ “Ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги намунавий низом”да акс этган.

Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг қўшма қарори билан 22 декабрда 2742 сон билан рўйхатга олинган.

Низомга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат органлари фаолияти ҳақида маълумот қидираётган жисмоний ёки юридик шахслар (ахборотдан фойдаланувчилар) танишиб чиқишлари учун бинонинг ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарида ва (ёки) махсус ажратилган жойларида очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт ҳамда бошқа зарур ахборотлар ахборот стендлари ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган техник воситаларга мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин жойлаштиришлари шарт.

Ахборотдан фойдаланувчи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиши учун уларга сўров билан мурожаат қилади. Ундан жисмоний шахснинг исми шарифи, турар жойи ва сўров мазсуни, юридик шахсдан унинг фирма номи, почта манзили ва сўров мазмуни кўрсатилиши зарур.

Сўров шу куннинг ўзида рўйхатга олиниб, кўриб чиқилади. Мурожаат қилган шахс йиғилиш қатнашчилари рўйхатига киритилиб, унга бу ҳақида хабар қилинади. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисига шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида киритилади.

Ахборотдан фойдаланувчи мажлисда ҳайъат аъзоларига саволлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Лекин уларга очиқ ҳайъат мажлисини фотосуратга, видео тасвирга олишга, овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

Қарор 2015 йил 28 декабрдан кучга кирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: