Энг юқори ўртача номинал иш ҳақи Тошкентда, энг пасти эса Наманганда қайд этилди

Дата: 14:58, 22-07-2019.

Тошкент. 22 июль. ЎзТАГ – Энг юқори ўртача номинал иш ҳақи Тошкентда, энг пасти Наманганда қайд этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2092,6 минг сўмни ташкил этди (шу жумладан, иш ҳақи, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация тўловлари ва ишланмаган вақт учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига ажратмалар) 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 30,1% га ўсди.

"Агар ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақини ҳудудлар кесимида кўриб чиқсак, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида – 2971,9 минг сўмни (республика ўртача даражасига 142,0%), Навоий вилоятида – 2659,5 минг сўмни (127,1%) ва Тошкент вилоятида – 2300,7 минг сўмни (109,9%) ташкил этган бўлса, аксинча, иш ҳақининг паст даражаси Самарқанд вилоятида – 1738,2 минг сўмни (83,1%), Сурхондарё вилоятида – 1722,8 минг сўмни ташкил этади” – деб кўрсатилади статистик маълумотларда.

Эслатиб ўтамиз, ходимларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ташкилотлардан олинган маълумотлар, ходимларнинг ҳисобланган иш ҳақи фондини ходимларнинг ўртача сонига ва ҳисобот давридаги ойлар сонига бўлиниши асосида ҳисоблаб чиқилади.

Сурат манбаи: terabayt.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: