Эркин кураш бўйича Ўзбекистон термаси ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида учинчи ўринни олди

Дата: 17:51, 06-06-2016.

Тошкент. 6 июн. ЎзТАГ – Эркин кураш бўйича Ўзбекистон термаси ёшлар ўртасида Манилада (Филиппин) якунланган Осиё чемпионатида учинчи ўринни олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Умумжамоа ҳисобида 56 очко жамғарган эркин курашчиларимиз тарихда биринчи маротаба учинчи ўринни эгаллашди. Биринчи ўринни Ҳиндистон терма жамоаси (61 очко) эгаллаган бўлса, иккинчи ўринни ҳамюртларимиз билан бир хил очко жамғарган ва фақатгина қўшимча кўрсаткичларга кўра олдинга чиққан эронлик полвонлар банд этишди. Ўз навбатида юнон-рим курашчиларимиз умумжамоа ҳисобида тўртинчи, қизлар терма жамоамиз эса бешинчи ўринни эгаллашди”, - деб таъкидлашди Спорт курашлари уюшмасида.

Жамоа бу натижага кўп сонли медаллар ҳисобига эришди.

Хусусан, турнирнинг илк кунида юнон-рим кураши бўйича бўлиб ўтган мусобақаларда Илхом Баҳромов (-50 кг) ва Жавоҳир Мираҳмедов (-55 кг) олтин медални қўлга киритган бўлса, Мирзабек Рахматов (-66 кг) ҳамда Жалгасбай Бердимуратов (-84 кг) бронза медали соҳиби бўлдилар.

Эркин кураш мусобақаларида Ғуломжон Абдуллаев (-55 кг) ва Темуржон Усмоноҳунов (-60 кг) Осиё чемпионидек шарафли унвонга сазовор бўлишган бўлса, Мажид Муродов (-84 кг) ва Ҳасанбой Раҳимов (-120 кг) кумуш, Шоҳрух Сапаев (-66 кг) эса бронза медалига сазовор бўлди.

Аёллар кураши бўйича ўтказилган беллашувларда бир йўла уч нафар юртдошимиз Нодира Собирова (-51 кг), Набира Есенбаева (-59 кг) ва Бахтигул Болтаниёзова (-67 кг) бронза медалларини қўлга киритдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: