Ернинг озон қатлами XXI аср ўртасига бориб тикланиши мумкин
Тошкент. 17 сентябр. ЎзТАГ – Ернинг озон қатлами XXI аср ўртасига бориб тикланади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) БМТнинг Атроф муҳит бўйича дастури ва Бутунжаҳон метеорологик ташкилоти экспертларининг тадқиқотига асосланган ҳолда.
Ушбу факт Тошкентда ўтказилган Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш кунини нишонлаш давомида баён қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан хабар қилишларича, жорий йилда халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни “Озон қатламини муҳофаза қилиш миссияси давом этмоқда” шиори остида ўтказилди.
Озон қатламини соғломлаштиришда Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреал протоколи катта роль ўйнади. Ушбу хужжат улардан фойдаланишни маиший саноат ва қишлоқ хўжалик мақсадларида босқичма-босқич тўхтатишни тартибга солади.
Шунга қарамасдан баъзи таҳдидлар сақланиб турибди. Шу билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистонда янги “Иқтисодиёти ўтиш давридаги мамлакатларда озонни емирувчи моддалардан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг дастлабки бажарилиши” лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Лойиҳа инновациялар, экологик хавфсиз технологияларни ишлаб чиқишга кўмаклашади.
Хусусан, лойиҳа доирасида ГХФУ(гидрохлорфторуглеродлар) импортини назорат қилиш масалалари кўриб чиқилади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида углеводородлар, углерод иккиоксиди, аммиак ва бошқа маҳаллий хладагентлардан фойдаланган ҳолда намунавий муқобил лойиҳаларни жорий қилиш масаласи ҳам кўтарилади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон 1993 йилдан бери Монреаль протоколининг аъзоси ҳисобланади ва унга амал қилади. Ҳозирда республика миқёсида озон қатламини емирувчи моддаларнинг 99,95% фойдаланишдан чиқарилди.