Эрон ҲДК мамлакатда ишлаб чиқарилган янги эсминецни қабул қилиб олди
Тошкент.10 март. ЎзТАГ – Эрон ҳарбий денгиз кучлари мамлакатда ишлаб чиқарилган янги “Дамаванд” эсминецини қабул қилиб олдилар. У Каспий денгизида сувга туширилди, дея хабар беради Эрон телеграф агентлиги (ЭрТАГ).
Мамлакат ҲДКга янги кемани бериш маросими Эроннинг Каспийдаги Бандар-Энзели портида ЭИР Мудофаа вазири бригада генерали Ҳусейн Дехқон, ЭИР Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний ва ЭИР ҲДК бош қўмондони контр-адмирал Хабибулла Сайарий иштирокида бўлиб ўтди.
Кема ҲДКнинг Эрон шимолидаги 4-денгиз ҳудудига бириктирилади.
“Дамаванд” тўлиқ Эронда ишлаб чиқилди ва қурилди. Уни яратишда Эроннинг жами 700 атрофида ташкилотлари, шу жумладан, илмий марказлар, лойиҳа бюролари, ишлаб чиқариш корхоналари қатнашди.
Кема мамлакатдаги энг баланд тоғ шарафига “Дамаванд” номини олди. Узунлиги 90 метр бўлган эсминец қанотли ракеталар, торпедолар билан қуролланган ва электрон ускуналар билан жиҳозланган.
“Жамаран” синфига мансуб эсминец ўқув-ҳарбий кемаси бўлиб, у ҳаво, сув усти ва сув ости нишонларини топиш ва кузатишга қодир бўлган ускуналар билан жиҳозланган.