Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлишга ҳаракат қилади
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Эрон Ислом Республикаси (ЭИР) тез орада Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) тенгҳуқуқли аъзоси мақомини олишдан манфаатдор, деб хабар қилди Эрон телеграф агентлиги (ЭрТАГ) пайшанба куни.
Ушбу баёнот ЭИРнинг Ўзбекистондаги элчиси Али Мардони Фардга тегишли бўлиб, у мазкур масаланинг ҳал қилинишига ШҲТнинг 2014 йилнинг 11-12 сентябр кунлари Душанбеда бўлиб ўтадиган саммити кўмак беришини ҳам қўшимча қилди.
Мардони Фарднинг сўзларига кўра, Душанбе саммитида ШҲТ янги аъзолар қабул қилиш қоидалари тасдиқланганидан кейин Теҳрон “ушбу ташкилотдаги тўлақонли аъзоликка доир аризасини илгари суришни фаоллаштиришни” режалаштирмоқда.
Ҳозирда ШҲТга Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Ҳиндистон, ЭИР, Монголия, Покистон кузатувчи мақомига эга. Беларусия, Туркия ва Шри-Ланка мулоқот бўйича ҳамкорлар мақомида.
Яқинда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний уч кунлик расмий ташриф билан Тожикистонга келди. 12 сентябрда у бу ерда ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашида меҳмон сифатида иштирок этади.
Эслатиб ўтамизки, 11-12 сентябр кунлари Душанбеда ШҲТ аъзо давлатлар давлат раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади.