Эрон табиий газда ишловчи автомобилар сони бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб турибди
Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Эрон Ислом Республикаси (ЭИР) табиий газда ишловчи автомобиллар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради, деб хабар беради Эрон телеграф агентлиги (ЭрТАГ) чоршанба куни.
ЭИР Нефт маҳсулотларини тарқатиш миллий компанияси раҳбари Сайед Насер Сажадининг “Автотранспорт, суюлтирилган табиий газ ва муқобил ёқилғи манбалари” мавзусидаги Теҳронда ўтказилган 6-Халқаро конференцияда берган маълумотига кўра, бугунда ушбу мамлакатда 3,2 млн транспорт воситалари ҳам табиий газ, ҳам бензинда ҳаракатланади.
Унинг сўзларига кўра, кейинги ўн йил орасида табиий газда ишловчи автомобиллар ишлаб чиқариш ва газ қуйиш шахобчалари барпо этиш соҳаларида сезиларли муваффақиятларга эришилди. Бунга табиий газнинг Эрон ёқилғи саноатидаги улушини ошириш лойиҳаси ҳам катта ҳисса қўшди. Табиий газдан фойдаланиш мамлакатга қиймати $27-28 млрдлик бензинни тежаб қолишга имкон берди. Газ қуйиш шахобчалари сони бўйича мамлакат фақат Покистондан орқада холос, - деди Сажади.
Шунингдек, у яқин орада табиий газнинг транспортдаги улуши 35-40% етказилиши ҳақида маълум қилди ҳамда келаси йил охирига келиб мамлакатда газ қазиб олиш ҳажмлари ҳам 40-50% ошиши ва бундан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.