Эрон Туркманистон ва Ўзбекистонга темир йўл ташув нархларини 40% пасайтиришни таклиф қилди
Тошкент. 28 апрель. ЎзТАГ – Эрон Туркманистон ва Ўзбекистонга уч мамлакат ҳудудлари бўйлаб темир йўл орқали транзит юк ташиш тарифларини 40% пасайтиришни таклиф қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
27 апрель куни Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон темир йўл бошқармалари раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
“Эрон халқаро темир йўл транзит тарифларига асосланган ягона темир йўл ташув тарифлари бўйича келишувга келишни таклиф қилди”, - деб аниқлик киритди душанба куни элчихонадаги манба.
“Айни пайтда уч мамлакат темир йўллари орқали 1,6 млн. тонна маҳсулотлар ташилади. Агар ушбу келишув имзоланадиган бўлса, ушбу кўрсаткич 3 млнгача ошиши мумкин”, - деб ҳисоблашади Эрон элчихонасида.
2013 йил охирида Эрон Ўзбекистонга ўз темир йўллари бўйлаб пахта толаси транзитига 30% чегирма берди. Ушбу енгиллик бир йил давомида амал қилиб, томонлар келишувига кўра чўзилиши мумкин.