Эрон Ўзбекистонга Теҳрондаги аэропорт орқали юклар транзитида ёрдам беради

Дата: 11:58, 19-02-2016.

Тошкент. 19 феврал. ЎзТАГ – Эрон Ўзбекистонга Теҳрондаги “Имом Хумейни” аэропорти орқали юклар транзитини амалга оширишга имкон беради. Бу ҳақида Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Бахман Ороғозий Дорманий маълум қилди, деб хабар қилади ЭрТАГ.

“Яқинда Теҳронда ўзбек авиахизматлари вакиллари билан музокаралар муваффақиятли якунланди. Унда томонлар “Навоий” ва “Хумейни” аэропортлари ўртасида юк алоқасини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдилар”, - деди Дорманий Uzbekistan Today газетасига интервьюда.

Унинг баҳоларига кўра, Эрон аэропорти “ўзбек товарларини ташиб ўтиш мақсадида ишлатилиши мумкин”.

Дипломат Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги географик жойлашуви “Эроннинг минтақа мамлакатлари билан транспорт коммуникацияларини ривожлантиришда фойдали бўлиши мумкин”лигини таъкидлаб ўтди.

Дорманийнинг сўзларига кўра, санкциялар бекор қилинганидан сўнг Эрон Ўзбекистонга замонавий технологик ускуналар етказиб беришга тайёр.

“Бу ишни биз олисдаги европа давлатларига қараганда арзонроқ амалга оширишимиз мумкин”, - деди элчи.

Эрон томони ҳисоб китобларига кўра, Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 2014 йилдаги $250 млнга қарши ўлароқ $1 млрдга етиши мумкин. Бу асосан транзит имкониятларини ривожлантириш ва янги транспорт коммуникациялари ҳисобига амалга ошади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: