Эронда саратон касаллигига қарши янги зарарсиз нановосита яратилди

Дата: 12:39, 28-04-2015.

Тошкент. 28 апрел. ЎзТАГ – Эронлик олимлар саратонга қарши кураш бўйича янги зарарсиз дори воситасини ишлаб чиқдилар. Бошланғич клиник синовлар ижобий натижа берди, дея хабар қилади Эрон телеграф агентлиги (ЭрТАГ).

Восита Теҳрон тиббиёт университетининг Саратон касалликлари билан курашиш маркази мутахассислари томонидан нанотехнологиялардан фойдаланган ҳолда яратилди.

Янги воситанинг асосий таркиби табиий куркума бўлиб, у сариқ занжабил илдизидан олинади. Маълумки ушбу ўсимлик инсон организмидаги саратон хужайраларини йўқотишга қодир.

ЭИР Нанотехнологиялар бўйича кенгаш вакили Али Муҳаммад Ализаденинг сўзларига кўра, куркумани озиқ-овқат қўшимчаси сифатида ишлатилганда унинг саратон хужайраларига таъсири организм томонидан узоқ ўзлаштирилиши ва тезкор метаболизм туфайли кескин камаяди. Шу сабабли махсус нанокапсула яратилиб, унда воситанинг асосий компоненти бўлган куркума наноэмульсия шаклида сақланади.

Ализаденинг сўзларига кўра, ишланманинг яна бир жиҳати унинг зарарсизлигидир. Шунингдек, олим Эроннинг фармацевтик компаниялари тез орада нанокуркуминни оммавий равишда ишлаб чиқаришига умид билдирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: