Эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон термаси Жаҳон кубогида иккинчи ўринни эгаллади

Дата: 11:51, 05-06-2015.

Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ –Ўзбекистон термаси байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Дания пойтахти Копенгагенда ўтказилган Жаҳон кубоги учинчи босқичида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Эшкак эшиш федерациясидан хабар қилишларича, ўзбек спортчилар уч олтин ва уч кумуш ҳамда икки бронзадан иборат 8 медални қўлга киритдилар.

Икки карра жаҳон чемпиони Вадим Меньков ва тажрибали спортчи Серик Мирбековлар иккиталик каноэда 500 ва 1000 метрга пойгада олтин медалларни қўлга киритдилар. Бундан ташқари, уларда 200 метрга пойгада кумуш медал ҳам бор.

Яна бир олтин медал 17 ёшли спортчи қиз Дилноза Раҳматова томонидан аёллар ўртасида 200 метрга каноэда эшкак эшишда олинди.

Каноэчи Герасим Кочнев 1000 метр масофага “яккалик” мусобақасида кумуш, 5000 метрга пойгада эса бронза медални олди.

200 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича аёллар муобақасида Нилуфар Зокирова иккинчи, эркаклар орасида байдаркада 500 метрга эшкак эшишда Алексей Мочалов учинчи ўринни олди.

Копенгагенда жами дунёнинг 35 мамлакатига мансуб энг яхши эшкакчилар медаллар учун курашдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: