ЕТТБ бир йилда Ўзбекистондаги лойиҳаларга 397 млн евродан зиёд сармоя киритди

Дата: 10:15, 23-01-2019.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2018 йилда Ўзбекистондаги 12 лойиҳаларга 397 млн евродан зиёд сармоя киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банк маълумотлариига кўра, 2018 йилда Ўзбекистоннинг янги стратегияси қабул қилинганидан сўнг, ЕТТБ йил давомида деярли 400 млн еврога тенг бўлган 12 лойиҳани имзолади, бу эса банкнинг ушбу мамлакатда фаолияти учун рекорд кўрсаткич бўлди.

Таъкидланишича, ЕТТБ мамлакатнинг коммунал ва энергетика инфратузилмаси соҳасидаги долзарб ечимларни амалга ошириш учун маблағ тақдим этди. Банк умумий қиймати 333 млн евро бўлган 6 та инфратузилма лойиҳалари учун узоқ муддатли кредитлар берди, бу эса Тошкент, Хоразм ва Наманган вилоятларида сув таъминоти ва туманларни иситиш хизматларини яхшилашга, шунингдек, Навоий вилоятига электр энергияси етказиб беришни яхшилашга ёрдам беради.

Шунингдек, банк ЕТТБнинг Маданий мерос комплекс механизми доирасида Ўзбекистондаги биринчи лойиҳани имзолади, лойиҳа туризмни ривожлантиришга қаратилган инфратузилма хизматлари ривожланишини рағбатлантириш ва маданий мерос объектларига ташрифлар сонини кўпайтиришга қаратилган. “Малика Хива” меҳмонхона тармоғига 300 минг евро миқдорида кредит ажратилди. Олинган маблағлар Malika Khiva, Malika Kheivak ва Malika Khorezm меҳмонхоналарини модернизациялашга йўналтирилган.

Бундан ташқари, банк энергетика соҳасидаги ислоҳотларни муҳокама қилиш, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги тўғрисидаги қонунчиликка оид маслаҳатлар бериш, давлат корхоналарининг шаффофлиги ва тижоратлаштирилиши бўйича маслаҳатлар бериш, шунингдек, Ўзбекистонда ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун “Хорижий инвесторлар кенгашини” ташкил этиш кабиларда иштирок этди.

Сурат манбаи: https://www.spot.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: