ЕТТБ делегацияси 10 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонга келди

Дата: 18:59, 16-03-2017.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) президенти Сума Чакраборти раҳбарлигидаги делегация 10 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банк сайтидаги маълумотга кўра, ташриф 15-17 март оралиғида бўлиб ўтади.

Ташриф доирасида ЕТТБ Ўзбекистон билан алоқаларини кенгайтириш йўлларини кўриб чиқиш учун мамлакат олий раҳбарияти билан музокаралар ўтказади.

“Банк мамлакатда 1993 йилдан бери ишлайди ва сармоялар портфелига эга, лекин 2010 йилдан кейин янги операциялар ўтказилмаган”, - дейилади банк хабарида.

Ҳукумат билан муҳокамалар асосан Ўзбекистон иқтисодиётининг ишбилармонлик ва рақобатбардошликни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш, бу соҳада сармоя ва технологияларни жалб қилиш кабиларга қаратилади.

Шунингдек, консультацион хизматлар ва кичик ҳамда ўрта бизнес, шунингдек яшил энергия ва энергосамарадорликни оширишга, минтақада қазилма бойликлар қазиб олишга доир лойиҳаларни молиялаштириш, чегараолди савдосини ривожлантириш каби йўналишлар бўйича ҳамкорликдан ўзаро манфаатдорлик мавжуд.

“Ўзбекистон Марказий Осиёнинг минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий тараққиёт муваффақияти учун муҳим мамлакатдир. Мен ЕТТБ билан Ўзбекистон ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш бўйича мулоқотни сабрсизлик билан кутаяпман. Айни пайтда банкнинг бу ердаги сармоялар портфели унча катта эмас. Лекин биз бир қатор истиқболли йўналишларни кўрмоқдамиз. Булар орасида минтақавий ҳамкорлик, маслаҳат хизматлари, кичик корхоналарни молиялаштириш, яшил энергия кабилар бор”, - деди Сума Чакраборти.

Эслатиб ўтамизки, ЕТТБ Марказий Осиёдаги энг йирик институционал инвестордир, унинг сармоялари ҳажми 11,6 млрд еврога ($12,3 млрд) тенг. Ушбу маблағлар инфраструктурадан тортиб қишлоқ хўжалиги каби саҳаларга кўналтирилган. Банк Ўзбекистонга 894 млн евро тиккан. Банкнинг 8 млн евролик сармоялари Тошкент ва Лондондан туриб бошқарилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: