ЕТТБ молиялаштириш учун Ўзбекистондаги биринчи лойиҳаларини тасдиқлади

Дата: 17:13, 19-10-2017.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – 18 октябрда Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) директорлар кенгаши молиялаштириш учун Ўзбекистондаги биринчи лойиҳаларини тасдиқлади, деб хабар қилади UzDaily.uz.

“Хусусан, ЕТТБ Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига (ЎМБ) $100 млн миқдорида кредит линияси очади. Ўз навбатида, ЎМБ кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун $70 млн ва савдо молиясини қувватлашга $30 млн йўналтиради”, - дейилади хабарда.

Ушбу кредитнинг мақсади кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ўрта муддатли молиялаш имкониятларини яхшилашдан иборат.

Хабар берилишича, шарбатлар, шарбат концентратлари, сабзавот пастаси ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Agromir Juice МЧЖ қўшма корхонаси ЕТТБ $10 млн кредитини олади.

“Ўзбек компанияси лойиҳа доирасида Самарқанд вилоятида замонавий омбор комплексини қуришни режалаштирмоқда. Бу компаниянинг бирлашган бошқарув тизимини жорий этишга ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ёрдам беради”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва ЕТТБ ушбу лойиҳалар бўйича кредит шартномаларини ЕТТБ биринчи вице-президенти Филиппа Беннетанинг ноябр ойи бошида Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзолаши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: