Euronews Ўзбекистон ҳақида янги кўрсатувлар серияси намойишини бошлади
Тошкент. 6 январ. ЎзТАГ – 4 январда Euronews телеканалида “Ўзбекистондан мактублар” дастурининг биринчи қисми эфирга чиқди. Кўрсатув Амир Темурнинг Самарқанддаги мавзолейи ҳақида ҳикоя қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Мавзолей ҳам ичқи, ҳам ташқи томондан катта таассурот уйғотади. Амир Темур, унинг болалари ва неваралари дафн этилган ҳашаматли мақбараси ҳақиқий туристик обидадир. Амир Темурнинг тўк яшил ақиқ қабртоши – дунёдаги ушбу ноёб тошдан ясалган энг йирик буюмлардан биридир”, - деб ҳикоя қилади Euronews мухбири Шеймус Керни.
“Репортаж 10 январгача намойиш этилади. Яқин орадаги серияларда яна беш роликни кўрсатиш режалаштирилган. Уларда томошабинлар Хива, Шахрисабз, Риштон ва Марғилоннинг тарихий ва маданий обиладалари ҳақида билиб оладилар. Шунингдек, уларда ипак матолар ва кулолчилик буюмлари тайёрлаш сирлари очиб берилади”, - деб таъкидлашди “Ўзбектуризм” МК матбуот хизматида.


