Евро-2016: Агар бугун инглизлар меъёрида футбол кўрсатмаса, плей-оффда уларга ишқибозлик қилмаса ҳам бўлади

Дата: 17:17, 20-06-2016.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Агар бугун инглизлар меъёрида футбол кўрсатмаса, плей-оффда уларга ишқибозлик қилмаса ҳам бўлади.

Бугун кечаси ва яна 5 кун давомида биз Евро-2016да параллель ўйинлар гувоҳи бўламиз.

Тошкент вақти билан ярим кечаси Словакия-Англия ва Россия-Уэльс майдонга тушади. Қисқа қилиб айтганда, ҳар икки ўйин ҳам ўта қизиқарли бўлиши кутилмоқда.

Словакия термасида, олдинги ўйин кўрсатгани каби, бутун бир учрашув тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган Марек Гамшик каби ўйинчи бор. Айнан итальян “Наполи”сининг ярим ҳимоячисининг голли тўп узатиши ва голи Словакияга Россия устидан ғалаба келтирди.

Шу сабабли, Англия термаси бош тренери Рой Хожсон, таянч ўйинчилар ва ҳимоячилари Словакия термасининг энг хавфли ўйинчисини қандай “ишдан чиқариш”ни ўйлаб топишлари зарур. Агар бундай қилинмаса, инглизлар дарвозабони Харт тўпни ўз дарвозасидан олиб чиқишига тўғри келади.

 Шу билан бирга Англия термасида бир ўйинчини ажратиб кўрсатиш қийин: жамоада юқори даражада футбол кўрсатишга қодир ўйинчилар кўп. Шунга қарамасдан, икки ўйиндан сўнг 4 очкога эга жамоа ўз ўйинини топгани йўқ. Хуллас, Хожсон таркибни қанча алмаштириб кўрса ҳам, оптимал жамоани туза олмаяпти.

Айнан Хожсон ва айнан Евро-2016да талантли инглиз ўйинчиларидан Германия, Италия, Испания каби энг яхши термаларга бас келувчи таркибни туза олмаслиги ҳам мумкин. Шу билан бирга, турнир жадвали охирида бўлган Россия (1 очко) нима қилиб бўлса ҳам Уэльсни енгиши зарур.

У бунга қодирми?

Жамоанинг Англия ва Словакияга қарши ўйинларини диққат билан таҳлил қилсак, россияликлар таркибида хужумда доимий (!) креативга қодир бўлган ўйинчилар мавжуд эмас, деган аянчли хулосага келиш мумкин. Фақат вақти-вақти билан яхши ўйин кўрсатишга қодир бўлган ярим ҳимоячилар бор холос. Бунинг ўзи эса – юқори тезликдаги замонавий футбол учун етарли эмас.

 Россия телеканаллари шарҳловчилари томонидан Алан Дзагоев терма таркибида бўлганида ўйин анча ўзгариши мумкинлиги ҳақида фикр ўртага ташланмоқда. Бунга ЦСКАнинг энг яхши ўйинчисининг даврлари ўтиб кетди ва унинг Россия термаси таркибида бўлиши ўйин сифатини ошира олмас эди, деб жавоб берган бўлар эдим.

 Жамоанинг яна бир плеймейкери Роман Широков ҳам ёмон аҳволда. Унинг энг яхши йиллари, афсуски, Россия Евро яримфиналида ўйнаган 2008 йилда қолиб кетди.

Уэльсга келсак, 80-миллионлик Гарет Бэйл жуда хавфли. Биринчидан, россияликлар жарима олдида қоидани бузмасликлари зарур. Бу ҳолда эса, “Реал” ўйинчиси бир неча уринишдан сўнг барибир гол уриши аниқлигини билдиради. Иккинчидан, айнан россияликларнинг секин ўйини реактив тезкорликдаги Аарон Рэмзи ва Бэйлларга жуда қўл келади.

Шу сабабли, Россия термасини фақат мўъжиза қутқариб қолиши мумкин. Англия билан ўйинда бу ҳолат бир марта юз берди. Балким, яна бир марта содир бўлар?

 Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашмоқда. Улар олти гуруҳга бўлинган. Гуруҳ турнирининг сўнгги ўйинлари 22 июнда ўтказилади. 1/8 финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни олган термалар, шунингдек, учинчи ўринни олган тўртта энг яхши жамоа чиқади. 1/8 финал ўйинлари 25- 27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал ўйини 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марсел шаҳарларида бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.

Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: