Евро-2016: Бугун биз Златан Ибрагимович ва ўта кучли Бельгия термасини кўрамиз
Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Бугун Францияда бўлиб ўтаётган 2016 йилги Европа чемпионатида Златан Ибрагимович ва ўта кучли Бельгия термасини кўрамиз.
Тошкент вақти билан соат 18.00да испан ва чехлар майдонга тушадилар. Transfermarkt интернет-портали маълумотига кўра, Испания термаси футболчиларининг ялпи қиймати 592 млн еврога тенг. Бу чемпионатнинг энг қиммат жамоаси демакдир. Касильяс ва Рамос, Пике ва Иньеста, Бускетс ва Педролар ҳали Европа чемпиони номини қандай ютиб олганликларини яхши эслайдилар. Улар буни нафақат яхши эслайдилар, балки ушбу туйғуни яна бир бор бошдан кечириш ниятидалар. Шу сабабли ҳам биринчи ўйиндан бошлаб бор маҳоратларини ишга соладилар.
Бироқ жуда яхши шаклланган Чехия термасини енгиш осон бўлмайди. Чунки чехлар нафақат бутун жамоа билан ҳимояланиш, балки тезқор қарши хужумлар ўтказишга қодир бўлган жамоадир. Томаш Росицки, анча кексайиб қолганига қарамасдан, ҳалигача яхши ўйнайди.
Лекин кўп нарса қайси жамоа биринчи голни уришига боғлиқ бўлади.
Соат 21.00да Ирландия ва Швеция беллашади. Албатта, таркибида Златан Ибрагимович бўлган Швециянинг имкониятлари юқори. Агар у яхши ўйин кўрсатса, ирландлар мағлубиятга учрайдилар...
Ярим тунда эса Бельгия ва Италия термалари куч синашадилар. Лукаку, Азар, Де Брейне, Феллайни, Витсель ва яна 7-8 жаҳон тоифасидаги футболчилар. Бельгияликларни ана шундай таърифлаш мумкин. Энди фақат қатъий мудофаага асосланган ўйин “Скуадра Адзурра”ни мағлубиятдан асраб қолиши мумкин холос.
Бундан бир оз илгари “Сампдория”, “Ювентус” ва Италия термасининг собиқ ўйинчиси Жанлука Виалли Goal нашрига берган интервьюсида “Бизда (Италияда – ЎзТАГ) жуда яхши тренер бор, бу эса катта аҳамиятга эга”, - деб таъкидлаб ўтди. “Бизда ажойиб муҳит ҳукм сурган дўстона жамоа бор. Ташқаридан қараганда, Италия термаси бош совринга даъвогарлардан эмасдан туюлади, лекин турнирдаги энг яхши мудофаа бизда. Италияда Буффон, учта моҳир ҳимоячи ўйинга масъулият билан ёндашувчи жамоа мавжуд”, - деб тасдиқлади менинг фикрларимни Виалли.
Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашади. Улар олти гуруҳга бўлинган. Гуруҳ турнирининг сўнгги ўйинлари 22 июнда ўтказилади. 1/8 финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни олган термалар, шунингдек, учинчи ўринни олган тўртта энг яхши жамоа чиқади. 1/8 финал ўйинлари 25-27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марселда бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин ўтказилмайди.
Финал эса 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.