Евро-2016: Бугунги барча ўйинлар ўта қизиқарли кечиши кутилмоқда
Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Еврокубокнинг бугунги барча ўйинлари ўта қизиқарли кечиши кутилмоқда. Албатта, Россия дуранг ўйнаши ҳам мумкин, лекин Словакияга фақат ва фақат ғалаба зарур. Румин ва швейцарлар эса турнирнинг муҳташам ўйинларидан бирини кўрсатишлари лозим, французлар эса Димитри Пайетнинг руминлар билан ўйин охиридаги фантастик голи тасодиф эмаслигини исботлашлари зарур.
Тошкент вақти билан соат 18.00да Лилл шаҳрида Россия термаси Словакия билан майдонга тушади. Россияликлар Англияга қарши ўйиндаги дурангдан сўнг бир оз эйфория ҳолатида бўлишлари мумкин. Яъни, биз гуруҳ етакчиси инглизлар билан дуранг ўйнаган бўлсак, словаклар бизга ким бўлибди, дегандай...Бундай кайфият эса, нафсиламбирини айтганда, жамоага қимматга тушиши мумкин.
Бу ҳақида ёзишни истамаганим ҳолда айтиб ўтишим керакки, бугунги кеча Россия термаси учун Евро-2016даги сўнгги кеча бўлиши ҳам мумкин. Бунга стадионда тўпалон уюштиришни хуш кўрувчи россиялик ишқибозлар сабабчи бўлишлари мумкин. Чунки терма жамоа шартли дисквалификация жазосини олиб бўлди. Нафақат бугунги ўйин, балки жамоа иштирокидаги ҳар қандай ўйин унинг учун сўнггисига айланиши мумкин. Чунки, дисквалификация турнир сўнггигача амалда бўлади.
Айни пайтда биринчи ўйинда Уэльсга аламли бой берган Словакия бу учрашувда жон-жаҳди билан ўйнаши зарур. Чунки қаторасига иккинчи мағлубият плей-офф босқичига чиқишдан умид узиш деганидир. Словаклар Уэльс билан ўйинда кўрсатган футболини эсга олсак, бу, уларнинг қўлидан келади. Фақат бугун яхши ўйинни баъзи-баъзида эмас, балки бутун 90 дақиқа давомида кўрсатиш керак бўлади.
Соат 21.00да эса бугуннинг энг қизиқарли ўйини бошланади. Унда Румыния термаси Швейцария каби ўзига хос рақибга қарши майдонга тушади.
Руминлар биринчи ўйинни ютқазганликлари сабабли ҳам фақат ғалаба учун ўйнайдилар. Уларда ўзига хос ўйин услуби, тезкор фикрлаш, тўпга сифатли ишлов бериш ва майдонни кўра билиш қобилияти мавжуд. Агар улар бунинг устига омад ва нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қилиш истагини қўша олсалар – муваффақиятга эришишлари мумкин.
Ҳозирдаёқ 3 очко ишлаб олган швейцарлар эса бир оз эҳтиёткорона тактикадан фойдаланишлари кутилади. Чунки плей-оффга чиқишнинг ҳозирги шартларида уларни дуранг ҳам қониқтиради. Аммо руминлар рақибларига бир сония ҳам дам беришмайди, деган тахмин ҳам йўқ эмас.
Тун соат 00.00да Франция Албанияни имтиҳондан ўтказади. Тўғри, албанлар биринчи ўйинда руминлар каби ютқазишди, аммо фақат бир ўйинчининг маҳорати туфайли чекилган мағлубият алами ҳалигача кетмагани ҳам ҳақиқат. Бу гапни ишқибозлар, бош тренер ва футболчиларнинг ўзлари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Хуллас, французлар ҳақиқий жангга дуч келадилар…
Тўғри, Албания ёмон жамоа эмас. Ва бугунги ўйин уларга Европа футболида ўзлари ҳақида бор овозда билдириш учун яхши имконият беради. Агар ҳаммаси кейинги футбол байрами Албанияга яна анча вақт келмаслиги билан тугаши мумкинлигини ҳисобга оладиган бўлсак, албанлар имкониятларининг энг юқори поғонасида ўйин кўрсатадилар, дейиш мумкин. Яъни, охиригача…
Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашмоқда. Улар олти гуруҳга бўлинган. Гуруҳ турнирининг сўнгги ўйинлари 22 июнда ўтказилади. 1/8 финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни олган термалар, шунингдек, учинчи ўринни олган тўртта энг яхши жамоа чиқади. 1/8 финал ўйинлари 25-27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал ўйини 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марсел шаҳарларида бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.
Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.