Евро-2016: Испания ва Италия ғалаба қозонди, Ирландия ва Швеция дуранг ўйнади

Дата: 11:54, 14-06-2016.

Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Кеча кечқурун ва тунда Испания Чехияни (1:0), Италия Бельгияни енгди (2:0), Ирландия ва Швеция эса дуранг ўйнашди (1:1).

Тошкент вақти билан соат 18.00да Испания ва Чехия термалари учрашдилар. Испанлар бошиданоқ ташаббусни қўлга олиб, ўйиннинг кўп қисмида чехларга устунлик қилишди. Қизиғи, вақти вақти билан испан термасининг ўйини “Барселона” ўйинининг мутлақ нусхасини эсга солди. Ҳатто баъзи ҳолларда испанлар тўпни 5-6 дақиқа давомида тўхтовсиз бир бирларига узатиб турдилар. Буни кузатиб бориш эса мухлисларга осон бўлмади...

Баъзи пайтларда испанлар рақибни азоблаш (ва ўзлари ҳам қийналишлари) учун атайлаб шундай ўйин кўрсатмоқда, деган таассурот ҳам уйғонди. Аммо уларнинг юзларига боққан киши бундай эмаслигини тезда тушуниб олиши мумкин эди. Ва ниҳоят, испанлар гол уришга муваффақ бўлишди, чехлар эса унга ўйин охиригача ҳам жавоб қайтара олмадилар.

Аммо соат 21.00да майдонга Ирландия ва Швеция тушганидан сўнг мухлислар қалби қувончга тўлди. Бутун биринчи тайм давомида ирландлар ташаббусни қўлларида ушлаб турдилар. Одатда ушбу жамоа рақиб жарима майдончасига бош билан уришга мўлжаллаб кўплаб тўп етказиб берувчи жамоа сифатида қаралади. Лекин кеча ирландлар бутун майдон бўйлаб яхши ўйин кўрсатдилар ва озгина омадлироқ бўлганларида йирик ҳисобда ютишлари мумкин эди.

Хуллас, Ирландия биринчи бўлиб тўп киритди. Фақат шундан кейингина Златан Ибрагимовичнинг жамоаси майдонда бирдан фаоллашди ва рақибига устунлик қила бошлади. Ва ниҳоят, чап қанотдан хужум уюштирган Златаннинг тепган тўпи ирландлар ўйинчиси Кларнинг бошига тегиб кетиб, автогол урилди. Ўйин шу ҳисобда якунига етди (1:1).

Лекин турнирнинг энг асосий кўнгилсизлиги соат 00.00да – Бельгия Италия ўйинида юз берди. Лукаку, Азар, Де Брейне, Феллайни, Витсель ва яна юқори тоифадаги 7-8 футболчилар итальянларнинг темирбетон мудофаасига қарши ҳеч нима қила олмадилар. Ҳатто бельгиялик футболчиларнинг позицион хужумлари ҳам бирор натижа беромади.

“Скуадра Адзурра” эса ушбу ўйини билан бир вақтлар Европани титратган ва жаҳон  чемпиони бўлган даврларни ёдга солди. Айнан қарши хужумлар ҳисобига итальянлар аввал олдинга чиқиб, кейин ўйин сўнгида иккинчи голларини урдилар.

Бельгияликлар эса, ўз салоҳиятларини кўрсатишлари учун кучли мудофаани ёриб ўтишни ўрганишлари зарур. Ушбу жамоа билан ҳеч ким бошқача ўйнамоқчи ҳам эмас менимча.

 Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашмоқда. Улар олти гуруҳга бўлинган. Гуруҳ турнирининг сўнгги ўйинлари 22 июнда ўтказилади. 1/8 финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни олган термалар, шунингдек, учинчи ўринни олган тўртта энг яхши жамоа чиқади. 1/8 финал ўйинлари 25-27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал ўйини 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марсел шаҳарларида бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.

Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: