Евро-2016: Италиянинг метин мудофааси ва тезкор қарши хужумлари Испанияни “собиқ” қитъа чемпионига айлантирди

Дата: 15:47, 28-06-2016.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Италиянинг метин мудофааси ва тезкор қарши хужумлари Испанияни “собиқ” қитъа чемпионига айлантирди. Энди Бордода бўлиб ўтадиган 1/4 финал ўйинида “скуадра адзурра” амалдаги жаҳон чемпиони Германия билан беллашади.

Тошкент вақти билан соат 21.00да кўпчилик гуруҳ ўйинлари тугаганидан бери кутаётган Испания-Италия ўйини бошланди. Қизиғи, бундан олдинги қитьа биринчилиги  финалида айнан испанлар итальянларни 4:0 ҳисобида “янчиб” ташлаган эди. Хуллас, Пиренеядаги футболга бўлган муносбатни билган ҳолда ҳақиқий ўч олиш баҳсини кутиш мумкин эди.

Деярли барча экспертлар Испания ўйнайдиган учрашув бошланишини кутган эдилар. Лекин Иньеста ва шерикларининг тўпни доимий назорат қилиши, итальянларнинг кучли мудофаа чизиғидан ёриб киришга уринишлари, “скуадра адзурра”нинг кескин қарши хужумларидан иборат ўйин намойиш этилмади.

Пиренейликлар бош тренери Антонио Конте шогирдлари ташаббусни бирданига қўлларига олиб, испанларга деярли тўп бермай қўйдилар. Биринчи тайм итальянларнинг қаттиқ босим остида ўтди.

Боз устига, итальянлар рақибдан нафақат майдондаги тезликда, балки фикр тезлиги жиҳатидан ҳам устун эдилар. Бу эса, Испания термаси бош тренери Висенте дель Боске учун жуда ёмон эди.

Шу сабабли Жорджио Кьеллинининг 33-дақиқада жаримадан Де Хеа дарвозасига киритган голига ажабланмаса ҳам бўлади.

Иккинчи тайм Италия термаси ўйинчиси Эдернинг рақиб дарвозабони билан яккама якка чиқиши билан бошланди, лекин Де Хеа жамоасини муқаррар голдан қутқарди.

Шу пайтда майдонда ғалати нарсалар содир бўла бошлади.

Масалан, Иньеста рақиб марказда унга ўйин бермагани сабабли ортга чекинишга мажбур бўлди. Унинг хужумни шу ердан туриб бошлашга уринишлари фойдасиз чиқди. Кейин Андрес бир неча марта итальянлар жарима майдонида Буффон дарвозасида ёнида шериги билан хужум ташкил қилишга уринди.

Энди айтингчи, Андреснинг шундай ўйнаганига неча марта гувоҳ бўлгансиз? Одатда у очиқ ҳудудларни яхши пайқайди ва шу жойларга шериклари учун чиройли тўплар етказиб беришга уринади. Итальянлар мудофаасида очиқ ҳудудларни топа олмаган Иньеста нима қилишини билмай қолди.

Иккинчи қизиқ жиҳат. Бир сафар Хуанфран испан хужумининг ўнг қанотида ҳимоячини алдаб ўта олмади. Кейин узоқ муддат одатдагидай ўйнай олмади. Одатда эса у ўз қанотида деярли ҳар қандай ҳимоячини алдаб ўтади. Бу ўйинда эса ундай бўлмади.

Итальянлар мудофаасига образли қилиб таъриф берадиган бўлсак, уни худди ҳар қандай очиқ бўлган томонга оқиб ўтиб кетадиган қиёмга ўхшатиш мумкин. Испанлар эса бу қиёмга ботиб қолиб, ўзларини ўнглай ололмадилар.

Шу сабабли 60-дақиқадан сўнг испанлар ўзлари севган жарима майдонига олис ва ўрта масофадан тўп оширишлар услубига ўтдилар. Бироқ бу ҳам иш бермади.

Боз устига, Буффоннинг зирҳини ҳам ҳеч нима теша олмади.

Қўшиб берилган вақтда эса итальянларнинг хужумчи ўйинчиси Пелле иккинчи голни киритди.

Афсуски, энди Испания Европа чемпиони унвонини ҳимоя қила олмайди.

Соат 00.00да майдонга Англия ва Исландия чиқишди.

Агар ушбу ўйинга қадар қимдир исланд футболчиларини менсимаган бўлса, улар уялиб қолишди. Ўйин аввалидан бошлаб инглизлар устунлик қилишди ва Стерлингни жаримада йиқитган рақиб дарвозабони сабаб пенальти ишлаб олдилар.

Уни Уэйн Руни амалга оширди: 1:0.

Лекин кейин барчаси футбол ватани жамоаси бош тренери Рой Хожсон кутганидан бошқа тарафга қараб кетди. Икки дақиқадан сўнг исландлар аутдан тўпни тўғри жарима майдонига ошириб бердилар. Арнасон боши билан етказиб берган тўпни Сигурдссон дарвозага киритиб қўйди. 1:1.

20-дақиқага келиб эса ҳисоб Исландия фойдасига 2:1га айланди. Сигторссон тўпни жарима линиясида қабул қилиб, ўнгроқдан аниқ зарба берди …

Ўтказиб юборилган голларда дарвозабон Хартни айблаш мумкинки? Қисман мумкин. Лекин марказий ҳудуддан яқин масофадан икки марта тўп тепишга имкон берган марказий ҳимоячилар қаерда эди, деган ҳақли савол туғилади.

Демак, йил бошида Фабио Капелло “Англия термасининг муаммоси жамоада марказий ҳимоячилари йўқлигида” деганида 100 фоиз ҳақ эди. Исландия термасига қарши Смоллинг-Кэхилл каби марказий ҳимоячиларни қўйган Хожсон болаларга хатога йўл қўйди.

Бутун иккични тайм давомида инглизлар хужумга зўр бердилар, лекин ҳеч нимага эриша олмадилар...

Ўтказилган ўйинлардан сўнг Евро-2016нинг чоракфиналчилари номлари маълум бўлди.

30 июнда Марселда Польша ва Португалия, 1 июлда Лиллда Уэльс ва Бельгия, 2 июлда Бордода Италия ва Германия, 3 июлда Сен-Денида Исландия ва Франция термалари майдонга тушадилар.

Эслатиб ўтамизки, Евро-2016нинг яримфинал ўйинлари 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марсел шаҳарларида бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.

Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида ўтказилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: