Евро-2016: Хорватлар ўйинидан ҳақиқий эстетик завқ олиш мумкин бўлди, таслим бўлмаган туркларга эса ҳурмат уйғонди

Дата: 13:16, 22-06-2016.

Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Бугун кечаси хорватларнинг испанларга қарши ўйинидан ҳақиқий эстетик завқ олиш имкони пайдо бўлди, ва айни пайтда таслим бўлмаган туркларга нисбатан ҳурмат уйғонди.

Тошкент вақти билан соат 21.00да майдонга Германия-Шимолий Ирландия (1:0) ва Польша-Украина (1:0) тушишди.

Тўғриси, қанотларда тезкор ўйновчи Коноплянко ва Ярмоленколардан кўп нарса кутган эдим. Икки ўйинда ялпи ҳисобда 0:4 ютқазган украинлар қўрқув нималигини унутуб, ҳақиқий футбол кўрсатади, деб ўйлаган эдим.

Лекин…

Ўйинга Украина президенти Петр Порошенко келгани сабабми, ёки бошқа бир нарса сабаблими, жамоа олдинги икки ўйинларда бўлгани каби, ўзини кўрсата олмади.

Поляклар эса Блащиковскийнинг голи эвазига чиройли футбол намойиш этган ҳолда ғалаба қилдилар.

Немисларнинг ирландларга қарши ўйинида ҳам воқеалар тахмин қилса бўладиган тарзда ривожланди. Деярли бутун ўйин давомида Мюллер ва компания рақиб мудофаасини эзиб, уни хато қилишга мажбурлади. Германия бош тренери Йоахим Лев Гетцени ушбу хатолардан фойдалана олмагани сабабли алмаштиришга мажбур бўлди.

Ўйин ҳисоби янада йирикроқ бўлиши мумкин эди: кўплаб голли вазиятларни яратган немислар улардан фойдалана олмадилар.

Натижада, урилган ва ўтказиб юборилган голлардаги фарқ эвазига 7 очкодан йиғган Германия ва Польша гуруҳда биринчи ва иккинчи бўлишди. Шимолий Ирландия эса 3 очко билан учинчи ўринни эгаллаб, бошқа гуруҳлардаги ўйинлар тугашини кутмоқда. Украина эса уйига қайтади.

Ҳақиқий футбол тантанаси эса соат 00.00да Хорватия Испания билан (2:1), Чехия эса Туркия билан майдонга тушганида бошланди (0:2).

Тўғрисини айтсам, айнан Хорватияга ишқибозлик қилдим. Нега дейсизми? Чунки ушбу жамаони севмаслик мумкин эмас. Масалан, Германияни ҳурмат қиласан, Италия ва Франциядан завқ оласан, Испаниядан ҳайратланасан, Хорватияни эса фақат севасан!

Лука Модрич асосий таркибда чиқмаганида хорватлар мураббийси дуранг ўйнаб, гуруҳдан ортиқча машмашаларсиз чиқмоқчи бўлгандай туюлди. Лекин майдонга тушган Марко Рог, Никола Калинич ва Марко Пьяцалар Хорватия термасида истеъдодлар бошқа ҳар қандай жамоадагидан кўра кўплигини исботлашди. Калинич гол урди, 20 ёшли Рог марказда туриб берди, Пьяца эса…

Пьяца ҳақида алоҳида гапириш керак. У Испания мудофаасининг чап қанотини ҳолдан тойдирди. Загреб “Динамо”сининг 21 ёшли ўйинчиси кўрсатган футбол даражаси ҳавас қилса арзигулик. Ушбу ўйиндан сўнг кўплаб европа топ-клубларининг агентлари хўжайинларига қўнғироқ қилиб, мазкур ўйинчини сотиб олишни таклиф қилаётган бўлишса ажаб эмас.

Аслида бутун Хорватия термаси фантастик футбол намойиш қилди: вақти вақти билан улар испанлар майдонида қўллаган кучли прессингга унча мунча терма бас келиши қийин.

Иван Перишични эса ажойиб деса бўлади! Ўйин охирида, Рамос пенальтини ура олмаганидан кейин у чап қанотдан 40-50 метрлар масофани босиб ўтиб, тўпни яқин бурчакка жойлаб қўйди: 2:1.

Ушбу футбол зиёфатидан сўнг иккинчи ўринни олган Испания жамоа бош тренери Дель Боскенинг истагига қарши ўлароқ 1/8 финалда Италия билан беллашади. Бу икки етакчи жамоалар ўйинига бундан бошқа таъриф топиш мушкул. Испания итальян тўсиғидан ўтиши эса ҳали умуман гумон.

Ва ниҳоят, Туркия Чехия билан ўйинда унча ёмон футбол кўрсатмади. Чехлар ҳудудий устунликка эга бўлишди, турклар эса қарши хужумларга зўр беришди. Улардан бирида ёш Эмре Мор тўпни Йилмазга етказиб берди. У эса аниқ зарба йўллади – 1:0.

Шундан сўнг ҳам майдондаги вазият ўзгармади, ҳатто чехлар гол уриш имкониятига эга бўлдилар. Олдин Кадержабек вазиятдан фойдалана олмади, сўнгра Бабажан Плашиланинг кучли зарбасини қайтарди.

Тўфоннинг голидан кейин (2:0) Туркия Евродаги омадсиз жамоалар тўпини (Россия ва Украина) тарк этгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашмоқда. Улар олти гуруҳга бўлинган. Гуруҳ турнирининг сўнгги ўйинлари 22 июнда ўтказилади. 1/8 финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни олган термалар, шунингдек, учинчи ўринни олган тўртта энг яхши жамоа чиқади. 1/8 финал ўйинлари 25-27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал ўйини 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марсел шаҳарларида бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.

Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: