Евро-2016: Португалия-Венгрия ўйинининг 44-дақиқасидан 63-дақиқаси орасида 5 гол урилди
Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Португалия-Венгрия ўйинининг 44-дақиқасидан 63-дақиқаси орасида 5 гол урилди: Криштиану Роналду ва Балаж Жуджак 2тадан гол киритишди, ўйин эса 3:3 ҳисобидаги жанговор дуранг билан якунланди. Исландия мураккаб кечган ўйинда Австрияни 2:1 ҳисобида енгди, Бельгия – Швеция устидан, Ирландия – Италия устидан бир хил – 1:0 ҳисобида ғалаба қилди.
Қизиғи, футбол триллери тошкент вақти билан соат 21.00да бошланди. Гап португаллар ва венгрлар ўйини ҳақида кетмоқда.
Роналду ва компания томонидан уюштирилган илк хужумларни қайтарган венгрлар 19 дақиқада венгер термасининг ветерани Геранинг 20 метрлардан йўллаган зарбаси ҳисобига олдинга чиқиб олишди: 1:0.
Аммо венгрлар танаффусга ғалаба ҳисобини сақлаган ҳолда чиқа олишмади.
Биринчи тайм тугашига бир дақиқа қолганда Роналду Нанини дарвозабон билан бирга бир олиб чиқди ва у тўпни хатосиз йўллади: 1:1.
Иккинчи тайм янада жонлироқ бошланди. 48-дақиқада венгрлар сардори Жуджак жаримадан зарба берди ва тўп рикошетдан сўнг манзилига бориб етди. 2:1.
Лекин орадан уч дақиқа ўтмасдан туриб, Роналду ўнг томондан етказиб берилган тўпни товони билан дарвозага киритди. 2:2.
56-дақиқада Жуджак жаримани муваффақиятсиз тепиб, тўпни “жонли девор”га тегизди, лекин уни яна ўзи эгаллаб олиб, яна рикошетдан дарвозага йўллади. 3:2.
63-дақиқада эса Роналду “иккинчи қават”да яхши ўйин кўрсатиб, анча олдинга чиқиб кетган Кирай дарвозасини ишғол қилди. 3:3.
Ўйин ҳақиқатдан ҳам ажойиб кечди ва ўтган кунги хорватларнинг испанларга қарши ўйинини эслатди. Лекин бу ўйинлар орасида бир оз фарқ бор. Хорватия-Испания ўйинини юксак санъат асари дейиш мумкин бўлса, Португалия-Венгрия учрашувини ҳиссиётлар жунбуши дейиш мумкин.
Соат 21.00да Исландия-Австрия ўйини ҳам бошланган эди.
Қизиғи, бир неча йил олдин футбол экспертларидан ҳеч бири Исландияни Австрияга яхши рақиб сифатида кўрмас эди. Лекин Евро-2016 турнири кечаги аутсайдерлар бугун муносиб рақибларга айланганлигини кўрсатди.
Исландларнинг ғалабага бўлган улкан интилишини тан олмасдан илож йўқ.
18-дақиқада Жон Бодварссон яқин масофадан гол киритганида эртак ҳақиқатга айлангандай кўринди (1:0 Исландия фойдасига).
Шундан сўнг австрияликлар ўзларини тутиб олиб, хавфли вазиятлар ярата бошладилар.
37-дақиқада эса ҳақиқий фожеа юз берди. Австрия термасининг марказий ҳимоячиси Александр Драгович пенальтидан чап штангага тепди. Криштиану Роналду билан ҳам шундай ҳолат юз берган эди.
Иккинчи таймнинг 60-дақиқасида Австрия ниятига етди. Рақибини алдаб ўтган Шелф жарима чизиғидан дарвозанинг олис бурчагини нишонга олиб, ҳисобни тенглаштирди - 1:1.
72-дақиқада эса Шелф бирга бир чиқиб, яна гол уролмади.
“Сен урмасанг, сенга уришади”, деган ҳақиқат ушбу ўйинда яна ўз исботини топди. Қўшимча вақтнинг 4-дақиқасида Арнор Траустасон Эльмар Бьярнасон етказиб берган тўпни дарвозага йўллади. Исландия фодасига 2:1. Австрия эса Еврони тарк этиш учун жомадонларини тайёрлашга йўл олди.
Тошкент вақти билан соат 00.00да Швеция-Бельгия ва Италия-Ирландия майдонга чиқишди.
Ўтган икки ўйиндаги каби Златан Ибрагимович яна муносиб ўйин кўрсата олмади.
84-дақиқада бельгия термаси аъзоси Наингголан рақиб жаримасининг марказий ҳудудида тўпни қабул қилиб олиб, уни дарвозанинг олис бурчагига усталик билан жойлаштириб қўйди. Бельгия фойдасига 1:0. Ибрагимович эса жамоадошлари билан бирга ватанига қайтади.
Гуруҳдан чиқиш муаммоларини ҳал қилиб бўлган Италия Ирландия билан ўйинга яримасосий таркиб билан чиқди. Буффон, Маркетти, Кьеллини, Инсинье, Эль Шааравилар заҳирада қолишди.
Бу зерикарли ўйинда ҳам гол ўйин охири 85-дақиқада киритилди. Уэс Хулахан етказиб берган тўпни Робби Брэди дарвозага йўллади.
Саралаш ўйинларидан сўнг Евро-2016нинг 1/8 финали қатнашчилари номлари маълум бўлди.
25 июнда Сент-Этьенда Швейцария ва Польша, Лансда Хорватия ва Португалия, Парижда Уэльс ва Шимолий Ирландия майдонга тушади.
26 июнда Лионда Франция ва Ирландия, Лиллда - Германия ва Словакия, Тулузада Венгрия ва Бельгия беллашадилар.
27 июнда Сен-Денида Испания термаси Италияга қарши, Ниццада Англия ва Исландия бир бирига қарши келади.
Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашмоқда. 1/8 финал ўйинлари 25-27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал ўйини 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марсел шаҳарларида бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.
Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.