Евро-2016: Роналду ва Ибрагимович бир жойда
Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Криштиану Роналду ва Златан Ибрагимович бир жойда: олдин тошкент вақти билан соат 21.00да Венгрия-Португалия ва Исландия-Австрия майдонга тушади, кейин 00.00да Швеция-Бельгия ва Италия-Ирландия беллашади.
Венгрия, Португалия, Исландия ва Австрия ўйнаётган “F” гуруҳида жамоаларнинг ҳар бири плей-оффга чиқиши мумкин бўлган вазият юзага келди.
Хусусан, венгрлар португалларга қарши ўйинда гуруҳда биринчи ўринни олишлари учун дурангнинг ўзи кифоя. Параллел ўйинда исландлар австрияликлар дарвозасига учта жавобсиз тўп киритишига эса ишонмайман.
Австрия сингари кўп нарсага даъвогар жамоа билан бундай бўлиши мумкин эмас.
Дуранг ўйнаш учун Венгрия термаси бош тренери Бернд Шторк Роналду жамоасига қарши ўйинга мудофаага мосланган, лекин тезкор қарши хужумда ўйновчи термани майдонга туширади. Бу тактика иш бериши керак.
Ўз навбатида, Португалия термаси бош тренери Фернанду Сантуш венгерча бошқотирмани ҳал қилиши зарур: мустаҳкам мудофаани қандай енгиб ўтиб, хужум етакчиларини қулай вазиятларга чиқариш мумкин? Икки ўйинда атига 2 очко йиғган португалларга ғалаба ҳаводай керак. Фақат ғалаба ва пеналтини ура олмаган Роналдунинг голи жамоанинг салоҳиятини тўлиқ очиши ва ўзига ишонч туғдириши мумкин.
Португалия плей-оффга чиқиши, Криштиану эса сеҳрли дриблинги билан хурсанд қилишига ишонгим келади…
Параллель ўйинда исландларга ҳам, австрияликларга ҳам ғалаба зарур. Исландия ҳам худди Португалия сингари 2 очко тўплаган. Дуранг жамоани учинчи ўринга тушириб юбориши мумкин. Бир очко билан охирги ўринда бораётган Австрия ҳам ғалаба қилган тақдирда плей-оффга чиқиши мумкин. Австриянинг таркиби эса бунга имкон беради.
Тўғрисини айтганда, ҳақиқий футбол байрами ярим кечаси – майдонга Швеция ва Бельгия чиққанида бошланади.
3 очко тўплаган бельгияликлар гуруҳда иккинчи ўринни мустаҳкам эгаллаши учун дуранг натижа кифоя қилади. Ибрагимович ва шериклари эса ғалабага ўйнашдан бошқа иложлари йўқ. Бошқа ҳар қандай натижа шведларнинг мағлубиятини англатади.
Ғалаба терма жамоа етакчисига шон шараф келтирса, шведлар мағлубиятидан сўнг Ибрагимовични талаб ташлашлари аниқ.
Шу сабабли ҳам ўйин қизиқарли бўлиши кутилмоқда.
Италия ва Ирландия ўртасидаги параллель ўйинга “скуадра адзурра” бутунлай рағбатсиз чиқади. Чунки жамоа 6 очко йиғиб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллади ва плей-оффда Испания билан майдонга тушади. Бу ҳатто итальян термасига ҳам унча ёқмайдиган янгилик, дейиш мумкин. Фақат терма жомоа бош тренери Антонио Конте энди бошини қотирмайдиган бўлди.
Ирландия эса рақибдаги юқоридаги вазиятдан фойдаланган ҳолда қизиқарли ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониши мумкин. Айнан Италия устидан ғалаба ва 4 очко ирландларга плей-оффга чиқиш имконини беради.
Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашмоқда. Улар олти гуруҳга бўлинган. Гуруҳ турнирининг сўнгги ўйинлари 22 июнда ўтказилади. 1/8 финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни олган термалар, шунингдек, учинчи ўринни олган тўртта энг яхши жамоа чиқади. 1/8 финал ўйинлари 25-27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал ўйини 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марсел шаҳарларида бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.
Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.