Евро-2016: Венгрия Австриядан устун келди, Роналду голли тўп узатди, аммо Португалия дуранг билан қаноатланди
Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Кеча кечаси Венгрия Австрияни сенсацион равишда енгди (2:0), Криштиану Роналду эса голли тўп узатиб берди, аммо Португалия дуранг билан қаноатланди (1:1).
Тошкент вақти билан соат 21.00да Венгрия Австрия билан ўзининг тарихдаги 138-учрашувини ўтказди. Аввалбошданоқ барча, жумладан, букмекерлар ҳам устунликни австрияликларга берган эдилар. Чунки жамоа таркибида ҳар қандай қарама-қаршиликни ўз фойдасига ҳал қилиши мумкин бўлган футболчилар бор. Масалан, Олаба.
Аммо, тўп юмалоқ, истаган томонига қараб кетади, деган гаплар бежизга айтилмаган шекилли.
Ҳеч ким ғалаба қилишини кутмаган венгрлар эса мўъжиза кўрсатдилар. Тан олиш керакки, уларнинг ғалабаси тактик ғалаба бўлди. Венгрлар австрияликларнинг анча кучли хужум линиясини моҳирона тўсган ҳолда, ўз хужумларини намунали равишда амалга оширдилар. Жамоанинг даражасини голли вазиятлардан билиш мумкин, дейишади.
Шу сабабли, ўтган ўйиндан келиб чиқиб қайд этиш зарурки, венгерларнинг даражаси австрияликларникидан юқори эди. Хуллас, ўйин ўта қизиқарли кечди.
Соат 00.00да эса Криштиану Роналду бошлиқ Португалия Исландия билан майдонга тушди.
Айтишларича, ҳар ўнинчи исландиялик Францияга севимли жамоасини қўллаб қувватлашга етиб келган. Бунга ишонса бўлади, чунки стадион вақти вақти билан исланд ишқибозларининг шовқинидан жунбушга келди. Футболчилар ҳам бўш келишмади.
Баъзида, португаллар яна бир оз босим қилса, исландлар таслим бўлади, деган таассурот ҳам туғилди. Айтиб ўтиш керакки, техника жиҳатидан Роналду ва шериклари рақибдан устун эканлигини кўриш учун футбол билимдони бўлиш керак эмас эди. Португаллар кўп ва хўп хужумлар уюштирдилар ва ҳудудий ва ўйин жиҳатдан ҳам устунликка эга бўлдилар. Криштианунинг Нанига бош билан уриш учун етказиб берган тўпини эса, ажойиб дейиш мумкин.
Аммо исландларни синдиришнинг иложи бўлмади.
Буни тан олиш керак! Тўғри, улардаги техника, тўпни тўхтатиш услуби, тўп узатишлар ҳам унча юқори даражада эмаслиги кўриниб турди. Лекин жамоадаги футбол ўйнаш, хужум қилиш, айтиш мумкин бўлса, йиқилиш, қайтиб туриш ва яна курашга отланиш истаги мақтовга лойиқ эди.
Хуллас, портагалияликлар яна бир бор ўзларининг европа бразилияликлари эканликларини сездириб қўйишди, дейиш мумкин. Шу сабабли ҳам жамоа ўйин охирига қадар ўз диққатини фақат ва фақат ғалабага қаратиб тура олмади. Натижа ҳам шунга мос бўлди: дуранг!
Эслатиб ўтамизки, Европа чемпионатининг финал турнирида илк маротаба 24 миллий терма қатнашмоқда. Улар олти гуруҳга бўлинган. Гуруҳ турнирининг сўнгги ўйинлари 22 июнда ўтказилади. 1/8 финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринларни олган термалар, шунингдек, учинчи ўринни олган тўртта энг яхши жамоа чиқади. 1/8 финал ўйинлари 25-27 июнда, 1/4 финал ўйинлари 30 июндан 3 июлгача ўтказилади. Яримфинал ўйини 6 июлда Лионда ва 7 июлда Марсел шаҳарларида бўлиб ўтади. Учинчи ўрин учун ўйин эса умуман ўтказилмайди.
Чемпионатнинг финал ўйини 11 июлда “Стад де Франс” стадионида бўлиб ўтади.