Евроиттифоқ Ўзбекистонга 168 млн евролик беғараз техник кўмак кўрсатишни режалаштирмоқда

Дата: 12:04, 13-07-2017.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – 2014-2020 йилларда Евроиттифоқ Ўзбекистонга 168 млн евролик беғараз техник кўмак кўрсатишни режалаштирмоқда. Унинг аксар қисми қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга йўналтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар 12 июлда Европа Комиссиясининг Халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича бош директори Стефано Мансервиси бошчилигидаги Европа Иттифоқи (ЕИ) юқори мартабали расмий шахслардан иборат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бошланиши доирасида келтирилди.

ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси маълумотига кўра, ташрифда ЕИнинг Марказий Осиё масалалари бўйича Европа Иттифоқининг Махсус вакили Петер Буриан ва бошқа расмий шахслар иштирок этмоқда.

Мансервиси ўзининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги, иқтисодий ривожланиш, хусусий бизнес ва тадбиркорлик, сув манбалари ҳамда энергетикани бошқариш, чегараларни бошқариш каби соҳаларни киритган ҳолда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида ҳукумат вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказади.

Шунингдек, делегация  ЕИга аъзо давлатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, Осиё тараққиёт банки, JICA, KOICA, БМТнинг Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ жамғармаси, Бутунжаҳон банки каби ривожланиш соҳасидаги агентликлар билан ҳам ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш имкониятларининг асосий масалаларини муҳокама қилиш учун қатор учрашувлар ўтказади.

Эслатиб ўтамизки, 28 мамлакатдан ташкил топган Европа Иттифоқи дунёдаги энг йирик иқтисодий кўмакчидир. Ўзбекистон ҳам ушбу кўмакдан фойдаланади. ЕИ кўмаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, (BOMCA/CADAP), олий таълим (TEMPUS, ErasmusMundus), сув ва табиий ресурсларни қўриқлаш, миграция, инсон ҳуқуқлари ва демократия (EIDHR) ва бошқа йўналишларга қаратилган.

ЕИ Ўзбекистонда 1996 йилдан бери фаолият юритади ва йилига мамлакатга 24 млн евро атрофида грантлар ажратади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: