Евроиттифоқ Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш жараёни ва бошқа дастурларга кўмак бериш учун 95 млн евро ажратади

Дата: 10:39, 20-06-2018.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – 2018 йилда Евроиттифоқнинг Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига ёрдам бериш бўйича лойиҳаларини тайёрлаш якунига етиши керак, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу мақсадлар учун Европа Иттифоқи 5 млн евро ажратиш ниятида.

ЕИ “Қишлоқ жойларда бандлик кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси учун Ўзбекистонга яна 5 млн евро ажратишни режалаштирилмоқда. Бу лойиҳани тайёрлаш ҳам йил охирига қадар тугалланиши керак.

Ўзбекистон Инвестициялар давлат қўмитаси маълумотларига кўра, бунга доир келишувларга 5-8 июн кунлари Брюссель (Бельгия) шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” Ҳамкорлик қўмитасининг Иқтисодиёт, Савдо ва Инвестициялар бўйича қуйи қўмитаси 15-йиғилишида эришилди.

Бундан ташқари, жорий йилда “Фарғона водийсида сув ресурсларини барқарор бошқариш” грант лойиҳаси бўйича 30 млн евролик ва “Чорвачилик соҳасини ривожлантириш” лойиҳасига 15 млн евролик молиявий битимлар имзолашга келишиб олинди.

Европа томони билан 2019 йил бошида давлат бюджети харажатларини қўллаб-қувватлаш учун 40 млн евро миқдорида грант ажратиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамизки, Европа Иттифоқининг 2014-2020 йилларда Ўзбекистонга кўмаклашиш бўйича миллий дастурининг умумий бюджети 168 миллион еврога тенг. Бугунги кунда Ўзбекистонда ЕИ ёрдами билан жами 100 млн евродан зиёдлик 25 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Булардан 69,4 млн еврога тенг 15 миллий лойиҳа иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, таълим, сув ресурсларини бошқариш ва чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ жойларида турмуш шароитларини яхшилаш, узоқ ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва туризмни ривожлантириш соҳаларида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон таълим соҳасида (Эрасмус +), бизнесни ривожлантириш, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда жами 33,6 млн еврога тенг 10 минтақавий лойиҳа доирасида ЕИнинг кўмагини олмоқда.

Сурат манбаи: https://kun.uz/ru/99611284

Янгилик билан ўртоқлашиш: