Европа инвестиция банки ўзбек бозорига чиқади

Дата: 14:47, 05-06-2017.

Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Европа инвестиция банки (ЕИБ) ўзбек бозорига чиқади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Марказий банк матбуот хизмати маълумотига кўра, бу 2017 йил июлда Ўзбекистон ва ЕИБ ўртасида банкнинг мамлакатдаги фаолиятини белгилаб берувчи битим тузганидан сўнг амалга ошади.

Ўзбекистон муқобил, қайта тикланувчи энергия манбаларини барпо этиш, энергия самарадорлигини ошириш ва технологиялар трансфери учун ЕИБнинг маблағларидан фойдаланишдан манфаатдор. Ҳозирги пайтда ёқилғи-энергетика комплекси, энергия тежамкорлигини жорий этиш соҳаларида ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари очилмоқда.

ЕИБ, шунингдек, янги технологияларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг саноат соҳаси рақобатбардошлигини кучайтириш ва қўллаб-қувватлаш, мамлакат инфратузилмасини ва бошқа соҳаларни юқори кўтаришда тўплаган бой тажрибаларини баҳам кўрмоқчи.

Эслатиб ўтамизки, ЕИБ вице-президенти Васил Худак раҳбарлик қилган Европа Инвестиция Банки делегацияси Ўзбекистонга май охирида ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Марказий банки икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, шу жумладан, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаш учун тижорат банкларига кредит линиялари очиш масалалари муҳокама этилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: