Европа Иттифоқи Ўзбекистонда бирданига икки кўргазма ўтказади

Дата: 14:34, 10-12-2015.

Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси Европа тараққиёт йилини байрам қилиш доирасида бирданига икки кўргазма ўтказади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“11 декабрда Европа Иттифоқининг таълим кўргазмаси” ўтказилади, бу ерда Эразмус+ стипендиялар дастури, Европа Иттифоқи мамлакатлари дастурлари, Европа университетлари ва Ўзбекистон ОТМ ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик лойиҳаларининг тақдимотлари бўлиб ўтади”, - деб таъкидлашди ЕИ Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизматида.

Тадбир доирасида Эразмус Мундус дастури битирувчиларининг Европадаги ҳаёт, саралаш жараёнида иштирок стратегиялари, резюме ва рағбат ҳати ёзиш ҳақида тақдимотлари уюштирилади. Кўргазма давомида Европа Иттифоқи совринлари учун лотереялар ўйналади.

12 декабрда “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” ҳамкорлик ярмаркаси” бўлиб ўтади. Унда ЕИ томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар, шунингдек, ЕИ аъзо мамлакатлар лойиҳалари тақдим этилади.

Бундан ташқари, шанба кунги тадбир доирасида болалар учун ўйинлар ва машғулотлар, мусиқали дастур ва Грек маданий марказининг «Бузуки” ВИА мусиқий дастурини ҳам ташкил қилиш режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: