Европа парламентида Амир Темур ва Темурийлар династиясига бағишланган кўргазма очилди

Дата: 20:12, 14-04-2014.

Тошкент. 14 апрель. ЎзТАГ – Брюсселдаги Европа парламенти биносида Амир Темур ва Темурийлар династиясининг Ўзбекистон ва Европа маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантиришдаги ролига бағишланган кўргазма очилди. Тадбир давлат арбоби ва буюк саркарда таваллудининг 678-йиллигига бағишланган, дея хабар беради “Жахон” ахборот агентлиги.
Ўзбекистоннинг ЕИдаги дипломатик миссияси ва Европа парламенти депутатлари томонидан ташкил этилган кўргазмада Европарламент, Европа Комиссияси, Бельгия вазирлик ва муассасалари, ЕИ ва НАТОда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар вакиллари, ишбилармонлик, жамоат, эксперт ва академик доиралари, шунингдек, бельгия ОАВ вакиллари қатнашди.
Кўргазма экспонатлари сифатида эса миниатюра, ахборот ва фото материаллар, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида қазишлар пайтида топилган ва ҳудуднинг Европа билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар ривожига доир буюмлар ҳам намойиш этилди.
Замонавий ўзбек рассомларининг мустақиллик йилларида яратилган ишлари кўргазмада алоҳида ўрин эгаллади.
Ўзбек классик қўшиқлари ва мақомлардан тузилган мусиқий дастур эса тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: